15 Октябр 2020 йил 964

Андижонда қалбаки пул тайёрлаган ва уни ўтказиш билан шуғулланган шахслар аниқланди

2020 йил 9 октябрь куни соат 21:30 ларда олинган маълумотга асосан, Андижон вилояти ИИБ ЖҚБ Коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш бўлими ҳамда туман ИИБ ЖҚБ ходимлари билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилди. Тезкор-тадбир давомида Андижон туманида яшовчи  фуқаролар А.Х ва Х.Б.лар ўзаро жиноий тил бириктиришиб, “Epson-P50” 3*1 русумли рангли принтер ёрдамида 100.000 сўм купюрадаги жами 6.900.000 сўм қийматдаги қалбаки пулларни тайёрлашиб, келгусида муомалага киритмоқчи бўлган вақтларида тадбир иштирокчилари томонидан ушланди.

Мазкур ҳолат юзасидан Жалақудуқ тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлинмаси томонидан 2020  йил 10 октябрь куни А.Х ва Х.Б.ларга  нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 176-моддаси 2-қисми “в” банди билан жиноят иши қўзғатилган ва улар Ўзбекистон Республикаси Жиноят Процессуал Кодексининг 221-моддаси тартибида ушланишган. 

Олиб борилган дастлабки тергов ҳаракатлари давомида А.Х  2020 йил 7 октябрь куни  Жалақудуқ туманида яшовчи фуқаролар Т.М, М.Г ва У.И.ларнинг туман ҳудудида жойлашган савдо дўконларига кириб, қалбаки усулда тайёрланган 100.000 сўмлик купюрадаги пулларни ўтказгани аниқланган.

Жиноят иши бўйича 2020 йил 12 октябрь куни Х.Б ва А.Х.ларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 176-моддаси 2-қисми “в”  ҳамда 168-моддаси 3-қисми “б” бандлари билан айб эълон қилиниб, уларга нисбатан “Қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган. Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

 

Андижон вилояти ИИБ Ахборот хизмати

 

Text to speech