10 Июл 2020 йил 784

Жорий йилнинг 7-9 июль кунлари Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги масъул ходимлари томонидан Андижон вилоятида сайёр қабуллар ўтказилди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг 2020 йил 2 июль кунги  топшириғига асосан жорий йилнинг 7-9 июль кунлари Республика марказий муассасалари, хўжалик бирлашмаларининг раҳбарлари, идоралар, вазирликлар, шу жумладан, Ички ишлар вазирлиги масъул ходимлари томонидан аҳолининг давлат идораларига бўлган ишончини янада мустаҳкамлаш, энг кўп мурожаатлар келиб тушаётган соҳалар бўйича муаммоларни тезкор ҳал этиш мақсадида,  Андижон вилоятнинг Асака, Қўрғонтепа, Избоскан ва Бўстон туманларида карантин қоидаларига қатъий риоя қилган ҳолда сайёр қабуллар ўтказилди. 

Ўтказилган қабуллар жараёнида суриштирув ва тергов,  ички ишлар органлари хизматига кириш ёки ишга қайта тиклаш, фуқаролик ва паспорт-виза, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, мол-мулк ва бошқа буюмларни олиб қўйиш ёки қайтармаслик ҳамда  ички ишлар органлари фаолиятига оид бўлмаган турли масалаларда 143 нафар фуқаролардан келиб тушган жами 147 та мурожаатларнинг барчаси кўриб чиқилиб, уларнинг 74 таси  қаноатлантилиди. Уларнинг 30 таси   бўйича ҳуқуқий тушунтириш бериш орқали ижобий ҳал қилинди. Яна 15 та мурожаатлар бўйича муаллифларга уларнинг масалаларини кўриб чиқиш ваколатига эга бўлган ташкилотлар ҳамда уларга мурожаат қилиш тартиби тушунтирилди. Шунингдек, 28 та мурожаатлар ижрога олиниб, уларнинг кўриб чиқилиши назоратга олинди.  

Хусусан, Улуғнор тумани Овулмат МФЙда яшовчи Д. Юсупов сайёр қабулнинг ўзида Андижон вилояти ИИБ бошлиғининг 47-сон буйруғи билан Улуғнор тумани ИИБ Йўл ҳаракати хавфсизлиги гуруҳи техник ходими лавозимига ички ишлар органлари хизматига қабул қилинди. Шунингдек унинг ҳарбий хизматга бориш истаги жойида қаноатлантирилди ва 4 млн. 776 минг моддий кўмак берилиб, навбатдаги чақирилувчилар рўйхатига киритилди.   

 Ичики ишлар органларига ишга кириш истагини билдириб, мурожаат қилган Марҳамат тумани Шомат МФЙда яшовчи Ш.Сотволдиев, Қўрғонтепа тумани Тадбиркор МФЙда яшовчи С.Хўжамбердиев, Жалақудуқ тумани Ёрқишлоқ МФЙда яшовчи А.Нурмаматов, Ҳўжаобод тумани Сўқалоқ МФЙда яшовчи Ж.Соиповнинг ҳужжатлари қабул қилиниб, улар номзодлар рўйхатига олинди.  

Фуқаролар М.Нурматов, Ш.Назаров, Ж.Ғаниев ва бошқа яна 17 нафар ички ишлар органлари хизматига кириш истагини билдирган номзодлар ички ишлар органлари хизматига қабул қилиш бўйича буйруқ лойиҳаси тайёрланди.  

Қўрғонтепа тумани Навниҳол МФЙ раиси Э.Исломовнинг мурожаатига асосан, шу куннинг ўзида Навниҳол МФЙ Жаҳон кўчасидаги кенглиги 4 метр бўлган 642 метр йўлга 25 та “КАМАЗ” юк машинасида келтирилган шағал ташланиб, ушбу кўча шағаллаштирилди.

Фуқаро О.Хусанов ва Т.Бобоевларнинг йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш масаласидаги мурожаати ижрога олиниб, уларнинг маҳалласи, яъни Асака тумани Қоратепа МФЙ ҳамда Олтинкўл тумани Уйшин МФЙга светофор ўрнатиш ишлари бошланди.

23 нафар фуқароларнинг биометрик паспорт олиш ҳақида қилган мурожаатларига асосан уларга янги биометрик паспортлари, шунингдек А.Бозорбоевга фуқаролик берилиб, Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг биометрик паспорти тантанали равишда  топширилди.

Қирғизистон Республикаси Ўш вилояти Карусуу тумани Ўттизадир МФЙда яшовчи, Ўзбекистон Республикаси Қўрғонтепа туманига меҳмон сифатида келган Г.Сайбурханованинг ёрдам сўраб қилган мурожаати жойида қаноатлантирилди ва у туман марказий шифохонасининг ички касалликлар бўлимига ёткизилиб, дори-дармонлар билан таъминланди. 

Избоскан тумани “Чувама мурувват уйи” директори М.Тоштемирова, Избоскан тумани ИИБ бошлиғининг бевосита кўмаги билан мурувват уйидаги 100 нафар тарбияланувчиларга биометрик паспорт берилишида катта ёрдам берилганлиги сабабли Вазирлик раҳбариятига раҳматнома берди.

Ўтказилаётган сайёр учрашувлари аҳоли муам­­­моларининг самарали ечим топи­шида муҳим аҳамият касб этаёт­гани би­лан бир­га, халқнинг давлатга бўл­­ган ишончини янада оширмоқда.

 

Андижон вилояти ИИБ Ахборот хизмати

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Text to speech