19 Октябр 2020 йил 43

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Андижон академик лицейида “Она тилим – ғурурим, фахрим!” мавзусида тадбир ўтказилди

Ички ишлар вазирлиги тизимида ҳам ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини ошириш, вазирлик таълим муассасаларининг курсант ва ўқувчи ёшларини ватанпарварлик, миллий анъана ва қадриятларга садоқат, улуғ аждодларимизнинг бой меросига ворислик руҳида тарбиялаш борасида тизимли ишлар амалга ошириб келинмоқда.

Хусусан, ички ишлар органларида давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш ҳамда 21 октябрь – Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганлиги муносабати билан ушбу байрамни муносиб нишонлаш ва бу йўналишда амалга оширилаётган ишларни кенг тарғиб қилиш мақсадида 2020 йил 7 сентябрь куни Ички ишлар вазирлиги Андижон академик лицейида ҳам ўқувчилар ўртасида “Ўзлигимиз тимсоли – Она тилим!” мавзусида онлайн иншолар кўрик-танлови бўлиб ўтди. Унда лицейнинг 3-босқич 5-гуруҳ ўқувчиси Маҳмуджонов Жамшидбек фахрли 1-ўринни эгаллади.

Байрамнинг узвий давоми сифатида 2020 йил 15 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Андижон академик лицейида ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганлигининг 31 йил тўлиши муносабати билан “Она тилим – ғурурим, фахрим!” мавзусида адабий-бадиий кеча ўтказилди.

Тадбирни академик лицей маънавий-маърифий ишлар бўйича директори ўринбосари А.Қаюмов очиб берди. Унда она тилимизнинг нақадар гўзаллиги, машаққат билан эришилган хазинамизни асраб-авайлашимиз кераклиги  алоҳида таъкидлаб  ўтилди. 

Тадбир давомида иштирок этган ўқувчилар она тилимизни мадҳ этувчи мақоллар, ҳикматли сўзлар орқали тилнинг аҳамиятини ифодалаб бердилар. Айниқса, она  тилимиз  ҳақида ўзбек ва рус тилларидаги шеърларни завқ билан айтиб, буюк боболаримизнинг ўзбек тилимизга берган бетакрор таърифларини ёдга олдилар.

Шунингдек, ўқувчилар томонидан ижро этилган она тилимизни эъзозловчи куй ва қўшиқлар, дилрабо рақслар ҳаммани хушнуд этди. Лицей ўқувчилари тилнинг инсон ҳаётида нақадар муҳим аҳамиятга эга эканлигини ўзларининг тайёрлаган қизиқарли саҳна кўринишлари орқали намойиш этдилар.    

 

Андижон вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech