20 Декабр 2020 йил 409

Ижтимоий тармоқларга “Андижонда кечқурун тунги рейд ўтказишмокда. ЙПХ ходими қоида бузиб рейд қилмоқдами?” сарлавҳаси билан жойланган видеотасвир юзасидан

2020 йил 19 декабрь куни ижтимоий тармоқларга “Андижонда кечқурун тунги рейд ўтказишмокда. ЙПХ ходими қоида бузиб рейд қилмоқдами?” сарлавҳаси билан видеотасвирлар жойланди. Ушбу видеотасвирлар акс этган барча ҳолатлар юзасидан Андижон вилояти ИИБ ЙҲХБ масъул ходимлари томонидан ўрганиш ишлари олиб борилди.

Маълум бўлишича, 2020 йил 18 декабрь куни соат 19:00ларда Андижон тумани, Храбек МФЙ ҳудудида Андижон вилояти ИИБ ЙҲХБ 1-сафарбар гуруҳи ЙПХ инспекторлари А.Маткаримов, А.Курбонов, А.Каримов ва М.Жўраевлар вилоят ИИБ ЙҲХБ раҳбарияти томонидан тасдиқланган тақсимотга кўра, маст ҳолда автомашина бошқарган хайдовчиларни аниқлаш  мақсадида рейд тадбирлари олиб бораётган вақтида “Дамас” русумли автомашина ҳайдовчиси томонидан видео тасвирга олиниб, ижтимоий тармоқларга жойланган.

Ушбу видеотасвирда  йўл патрул инспекторлари тунги вақтда, йўлнинг ёритилмаган қисмида, нур қайтарувчи нимчаларини киймаган ҳолда рейд олиб бораётганликлари айтиб ўтилган. Ходимларнинг ушбу хатти-ҳаракатлари юзасидан вилоят ИИБ ЙҲХБ масъул ходимлари томонидан хизмат текшируви ўтказилмоқда.

Шуни таъкидлаш жоизки, республикамиз, хусусан Андижон вилояти ҳудудида содир этилаётган йўл-транспорт ҳодисаларининг аксарияти йўл ҳаракати қоидаларини қўпол равишда бузилиши, жумладан, маст ҳолда автомашина бошқариш оқибатида юзага келмоқда.

Мисол учун вилоят ИИБ ЙҲХБ ходимлари томонидан жорий йилнинг 18 декабрь куни 29 нафар ҳамда 19 декабрь куни 23 нафар маст ҳолда автомашина бошқарган хайдовчилар аниқланиб, уларга нисбатан белгиланган тартибда маъмурий баённомалар расмийлаштирилган. Шунингдек, 2020 йилнинг ўтган даври давомида Андижон вилояти ҳудудида 1255 та шу каби қоидабузарликлар қайд этилган.

Бу рақамларнинг ортида инсонлар ҳаёти ҳамда саломатлиги турганлигини, оиласи ва фарзандлари даврасида бўлиш ўрнига хизмат ўтаётган ходимларга қанчалик осон эмаслиги тўғрисида тирноқ ичидан кир қидирадиган қўштирноқ ичидаги “қахрамонлар”имиз ўйлаб кўришганмикан.

Шу ўринда барча йўл ҳаракати иштирокчиларидан белгиланган тартиб қоидаларига қатъий риоя қилишларини сўраб қоламиз.

 

Андижон вилояти ИИБ Ахборот хизмати

 

 

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech