Андижонда тўй маросимларида белгиланган карантин талабларига риоя этмаслик ҳолатлари аниқланди
Мамлакатимизга коронавирус инфекцияси кириб келиши ва тарқалишини олдини олиш юзасидан Ўзбекистон Республикаси махсус комиссиясининг жорий йил 12 августдаги 43-сон баёнига мувофиқ, тўй маросимларини уй шароитида санитария ва гигиена қоидаларига риоя қилган ҳолда ўтказиш борасида Андижон вилояти ИИБ ходимлари томонидан жамоатчилик вакиллари билан ҳамкорликда бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, туман-шаҳар фуқаролик ҳолатлари далолатномаларини ёзиш идораларидан олинган рўйҳатлар асосида тўй ўтказилиши белгиланган хонадон эгалари билан огоҳлантириш профилактик тадбирлари олиб борилмоқда.
Ўтган давр давомида никоҳ қуриш учун ариза берган 5 минг 601 нафар ёшларнинг 4 минг 621 нафари ва уларинг ота-оналари билан ўтказилиши белгиланган тўй маросимларида санитария ва гигиена қоидаларига риоя қилиш, тўйда қатнашувчи фуқаролар сонини 30 кишидан оширмаслик тўғрисида профилактик суҳбатлар ўтказилиб, огоҳлантириш хатлари олинди.
Бироқ, олиб борилган профилактик тадбирларга қарамасдан фуқаролар томонидан белгиланган чеклов қоидаларини бузиш ҳолатлари кузатилмоқда.
Жумладан, жорий йилнинг 1 август кунидан 7 сентябрь кунига қадар Қўрғонтепа, Мархамат, Асака, Жалақудуқ, Шаҳрихон ҳамда Хўжаобод туманларида ўтказилган жами 11 та тўй маросимларида белгиланган карантин талабларига риоя этмаслик ҳолатлари аниқланди.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 54-модда 2-қисмига асосан маъмурий ҳужжатлар расмийлаштирилиб, тегишли тартибда қонуний чора кўришлик учун Андижон вилояти санитария-эпидемиология осойишталик марказига юборилди.
Андижон вилояти ИИБ Ахборот хизмати