5 Январ 2021 йил 534

Андижон шаҳри ҳудудида ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш ҳамда йўл инфратузилмасини яхшилаш мақсадида 2021 йил 4-10 январь кунлари “Ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш ҳамда тирбандликларни олдини олиш” ҳафталиги эълон қилинди

Андижон вилояти ИИБ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ҳамда вилоятдаги тегишли идора ва ташкилотларнинг мутахассис ходимлари томонидан ўтказилган мониторинг ўрганишлар натижасига кўра вилоят маркази - Андижон шаҳри ҳудудида юзага келаётган тирбандликларни олдини олиш, транспорт воситалари ва пиёдалар оқимини тартибга солиш юзасидан 2020 йил якунида вилоят ҳокимлигига 22 та банддан иборат амалга оширилиши лозим бўлган чора-тадбирлар таклифи киритилган эди.

Вилоят ҳокими ҳузурида ўтказилган йиғилишда берилган таклифлар қўллаб-қувватланиб, 2021 йил 2-3 январь кунлари шахсан вилоят ҳокими, ИИБ бошлиғи ҳамда тегишли ташкилотлар ва идораларни жалб қилган ҳолда шаҳар кўчалари ва йўллари қайтадан кўриб чиқилди.

Бунга кўра, Андижон шаҳри ҳудудида ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш, йўл инфратузилмасини яхшилаш мақсадида 2021 йил 4-10 январь кунлари “Ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш ҳамда тирбандликларни олдини олиш” ҳафталиги эълон қилинди.

Ҳафталик  давомида тирбандликлар юзага келаётган чорраҳаларда қўшимча ўтиш йўллари (карман) ташкил этиш, шаҳардаги 7та чорраҳага ўрнатилган қоидабузарликларни автоматик аниқловчи видеокамераларнинг иш режимига ўзгартириш орқали, 5.42 “Қизил чироқда ўнгга ҳаракатланиш” йўл белгиларини ўрнатиш, бозорлар яқинига автотураргоҳлар ташкил этиш, тўхташ ва тўхтаб туриш қоидаларига амал қилмаслик натижасида юзага келаётган тирбандликларни бартараф этиш мақсадида 22 та ташкилот ҳамда идоралар олдига 3.27 йўл белгиси ўрнатиш ҳамда қоидабузарлик аниқловчи камера билан жиҳозлаш, “Янги бозор” ҳамда эски шаҳар “Деҳқон бозори” ҳудудига қурилаётган ер усти пиёдалар ўтиш йўллари қурилишини якунлаш ҳамда 1 та темир йўл кесишмасида ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш ишлари бошлаб юборилди.

Ҳозирда бу борада амалга оширилаётган ишлар уюшқоқлик билан амалга оширилмоқда.

 

Андижон вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech