6 Март 2021 йил 596

Андижон вилояти ички ишлар бошқармасида “8 март – Халқаро хотин-қизлар куни” байрами муносабати билан тантанали тадбир бўлиб ўтди

“8 март – Халқаро хотин-қизлар куни” муносабати билан Андижон вилояти ички ишлар бошқармаси томонидан тизимда хизмат олиб бораётган аёл ходималар ва ишчи-хизматчилар учун тантанали тадбир ташкил этилди. Тадбирга шунингдек, ички ишлар органларида узоқ йиллар хизмат қилиб ҳозирда нафақада бўлган фахрий аёл ходималар ва хизмат вазифасини бажариш вақтида вафот этган ходимларнинг турмуш ўртоқлари ҳам таклиф этилди.

Дастлаб, Андижон вилояти ИИБ бошлиғи полковник А.Рахматуллаев томонидан Ички ишлар вазирининг байрам табриги ўқиб эшиттирилиб, ички ишлар органларида эркаклар билан елкама-елка туриб хизмат қилаётган аёл ходималарнинг машаққатли хизматлари  алоҳида эътироф этилди. Уларга сиҳат-саломатлик ва оилавий бахт-саодат тиланди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси ИИВнинг буйруғига асосан хизмат фаолияти давомида юқори натижаларга эришиб, ҳамкасбларига ўрнак бўлиб келаётган 10 нафар ходималар фахрий ёрлиқ, бенуқсон хизматлари учун кўкрак нишони,эсдалик қўл соати ҳамда пул мукофотлари билан тақдирландилар. Шунингдек, Андижон вилояти ИИБнинг буйруғи билан 70 нафар ходималар ҳамда 140 нафар ишчи хизматчи аёлларга рағбатлантириш пул мукофотлари топширилди.

Бундан ташқари, нафақада бўлган фахрийларга ва хизмат вазифасини бажариш вақтида вафот этган ходимларнинг турмуш ўртоқларига эсдалик совғалари ҳам топширилди. Таниқли хонандалар ижросидаги дилтортар  қўшиқлар, болажонлар ижросидаги шўх рақслар, кулгу усталарининг байрам муносабати билан тайёрлаган ҳазиломуз чиқишлари барчанинг қалбига хушкайфият улашди.  

Барча онахонлару, опа-сингилларимизни “8 март – Халқаро хотин-қизлар куни” байрами билан Андижон вилояти ИИБ раҳбарияти ва шахсий таркиби номидан табриклаймиз! Байрамингиз муборак бўлсин, азиз аёллар!

 

Андижон вилояти ИИБ Ахборот хизмати

 

Text to speech