29 Июн 2020 йил 819

Олтинкўл туманида содир этилган жиноят сабаблари кенг жамоатчилик билан муҳокама қилинди

Олтинкўл тумани Уйшин МФЙда вилоят прокуратураси ва вилоят ИИБ раҳбарияти ташаббуси билан туман ИИБ,  жамоат ташкилотлари, маҳалла фаоллари, кенг жамоатчилик иштирокида муҳокама йиғилиши ўтказилди.

Кун тартибидаги асосий масала, яъни 2020 йил 23 июнь куни туманда содир этилган мудҳиш жиноят, унинг оқибатлари, жиноятни келиб чиқишига сабаб бўлган ҳолатлар атрофлича муҳокама қилинди.

Содир этилган жиноят тафсилотларига кўра, шу йилнинг 23 июнь куни  соат 09:30 ларда  Уйшин МФЙда яшовчи фуқаро Н.Ж  бирга яшовчи акаси Х.Ю билан арзимас масала юзасидан гап тортишиб, ўзаро жанжаллашишган. Жанжал вақтида Х.Ю укаси Н.Ж.ни челак билан уриб юборади. Бу ҳолатдан кейин жахл отига минган  Н.Ж  ошхонада бўлган хўжалик пичоғини олиб чиқиб,  акасининг ўнг кўкрак қисмига бир маротаба пичоқ уради. Афсуски, Х.Ю.га шифохонада кўрсатилган тез-тиббий ёрдамга қарамасдан у вафот этган.

Мазкур ҳолат юзасидан Олтинкўл тумани прокуратураси томонидан  шу куннинг ўзида Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 97-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмокда.

Муҳокама йиғилишида сўзга чиққанлар, ушбу жиноятнинг содир этилишига асосан масъул ходимларнинг бефарқлиги сабаб бўлганлигига урғу  қаратишди. Атроф-муҳитга лоқайд ва бепарво муносабат туфайли шундай мудҳиш жиноятлар содир этилаётганлиги ўкинч билан тилга олинди. Шунингдек, кичик низоларга ва ўзаро тортишувларга гувоҳ бўлаётган пайтда атрофдагиларнинг мажбуриятлари, тинчликни сақлаш олдидаги вазифалари, зудлик билан  ўша худудда хизмат олиб бораётган профилактика инпекторига хабар қилиш ҳамда бошқа бир қанча мавзуларда сўз юритилди.

Бундан ташқари, ҳар бир фуқаро бундай салбий ҳолатларни содир бўлишини томашабин бўлиб кузатиб туриши эмас, балки уни олдини олишга чин дилдан ҳаракат қилиши шартлиги, ўзининг огоҳлиги ва  ҳушёрлиги билан масъул эканлиги таъкидлаб ўтилди.

Муҳокама якунида  мазкур жиноятнинг келиб чиқиш сабаблари ва унинг салбий оқибатларини бу жойда иштирок этганларнинг барчаси оила аъзолари, қариндош уруғлари ҳамда таниш-билишларига ибрат олиш мақсадида етказишлари кераклиги айтилиб, бу борада тегишли мутасаддиларга муҳим чора-тадбирлар белгилаб берилди.

 

Андижон вилояти ИИБ Ахборот хизмати

 

Text to speech