18 май — Халқаро музейлар куни муносабати билан Булоқбоши тумани ИИБ ходимлари ҳамда ИИВ Андижон академик лицейи ўқувчилари учун очиқ эшиклар куни ташкил этилди
Барчамизга маълумки 18 май – Халқаро музейлар куни 1977 йилдан буён нишонлаб келинади. Ушбу сана муносабати билан Андижон вилояти ИИБ «Шон-шараф» музейига Булоқбоши тумани ИИБ ходимлари ҳамда ИИВ Академик лицейи ўқувчилари учун очиқ эшиклар куни ташкил этилди.
Музейга саёҳат давомида ўрта Осиё, хусусан, Андижоннинг қадимги давлатчилик хавфсизлигидан бошлаб, бугунги кунгача босиб ўтган йўли, ҳудудий хавфсизлик ва халқ осойишталиги йўлида хизмат қилган фидоийлар, ўтган ҳар бир даврнинг воқеа ҳодисаларини ўзида мужассам этган кўргазмалар ҳақида атрофлича маълумотлар берилди ҳамда ташриф буюрувчилар ушбу кўргазмалар билан яқиндан танишдилар. Бир сўз билан айтганда музейга саёҳат ходимлар ҳамда ўқувчиларда катта таассурот қолдириб, улардаги ватанпарварлик туйғусини янада ошишига хизмат қилди.
Шунингдек, бугун ташриф буюрувчиларга қўшимча равишда Андижон вилояти ИИБ эксперт-криминалистика бошқармаси ходимлари томонидан вилоятга янги олиб келинган Ford Tranzit 460 эксперт-криминалистик лабораторияси билан жиҳозланган махсус автомашина билан ҳам таништирдилар. ИИВ Андижон Академик лицей ўқувчилари ўзларига қизиқ бўлган саволлари билан мутахассисларга мурожаат қилдилар ва керакли жавобларни олдилар.
Ушбу махсус автомашина билан танишиш ҳам ташриф буюрувчиларда ўзгача таассурот уйғотди десак адашмаган бўламиз.
Андижон вилояти ИИБ Ахборот хизмати