Андижон вилояти ИИБ ЖХХ ЖТСБ масъул раҳбарлари томонидан Андижон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институтида ёшлар ўртасида жиноятчиликни олдини олишга қаратилган давра суҳбати ўтказилди
Юртимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар давомида ёшларимизга алоҳида эътибор қаратилиб, уларни ижтимоий жиҳатдан шакллантириш, ижодий ва бошқа йўналишдаги салоҳиятини камол топтириш мақсадида қатор ижобий ишлар амалга оширилмоқда.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти этиб сайланганидан кейин имзолаган илк қонун ҳужжати «Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни бўлгани ҳам бунга яққол бир мисолдир.
Шундай бўлсада, бугунги кунда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарлик ҳолатларининг ёшлар ўртасида ҳам кузатилаётгани ачинарли ҳолатдир. Шу боисидан бу каби салбий ҳолатларни олдини олишда тарғибот ва ташвиқот ишларини кучайтириш алоҳида аҳамият касб этади.
Жорий йилнинг 10 март куни Андижон вилояти ИИБ ЖХХ ЖТСБ бошлиғи майор Абдураимов Рахимжон томонидан Андижон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институтида ёшлар ўртасида талончилик,безорилик ҳамда бошқа турдаги жиноятларни олдини олишга қаратилган давра суҳбати ўтказилди.
Давра суҳбатида ёшлар томонидан содир этилаётган жиноятларга сабаб бўлаётган омиллар, ушбу жиноятларга қўл урганлар учун жазонинг муқаррарлиги ҳамда ушбу салбий ҳолатлар талабалар ўртасида ҳам учраётганлиги ҳаётий мисоллар орқали ўкинч билан тилга олинди.
Тадбир давомида талаба ёшлар талончилик ва безорилик жиноятларига қарши курашиш бўйича ўзларини қизиқтирган саволларига атрофлича жавоблар олишиб, ушбу жиноятларни олдини олиш бўйича ўзларининг таклиф ва мулоҳазаларини билдириб ўтдилар.
Андижон вилояти ИИБ Ахборот хизмати