Андижон вилояти Хонобод шаҳрида ўтказилган «Ички ишлар органлари ёш ходимлари ва ҳарбий хизматчиларининг II Республика ёшлар форуми»нинг якунига бағишланган гала концерт бўлиб ўтди
Хабарингиз бор 3-кун мобайнида Хонобод шаҳрида «Ички ишлар органлари ёш ходимлари ва ҳарбий хизматчиларининг II Республика ёшлар форуми» бўлиб ўтди. Ушбу форумда республикамизнинг барча вилоятларидан бўлган ички ишлар органларида хизмат қилаётган ёш ходимлар иштирок этдилар.
Ёшлар 3-кун мобайнида турли шартлар ва мусобақалар орқали ўзаро беллашдилар. Бўлиб ўтган «Заковат» интеллектуал ўйинида Андижон вилояти ёшлари 1-ўринни, Бухоро вилояти 2-ўринни ва Сирдарё вилояти 3-ўринни эгаллади.
Ички ишлар тизимида илк бора ўтказилган «Қувноқлар ва зукколар» кўрик танловида Фарғона вилояти 1-ўринни, Самарқанд вилояти 2-ўринни ҳамда Жиззах вилояти 3-ўринни эгаллади.
Шартлар ичида турли босқичлардан ташкил топган «Кўп босқичли жанговар спорт мусобақаларида Андижон вилояти жамоаси 1-ўринни, Навоий вилояти жамоаси 2-ўринни ва Жиззах вилояти жамоаси 3-ўринни эгаллади.
Энг фаол ёшлар етакчиси йўналиши бўйича Қорақалпоғистон республикаси ИИВ ёшлар етакчиси, катта лейтенант Тенгисбаев Алишер 1-ўринни, Сурхондарё вилояти ИИБ ёшлар етакчиси, капитан Қурбоналиев Бекзод 2-ўринни ҳамда Халқаро аэропортларда хавфсизликни таъминлаш қўшинлари бош бошқармаси ёшлар етакчиси, майор Ражабов Достонбек 3-ўринни эгаллади.
- «Сизлар билан бугун «Янги Ўзбекистон ёшлари, бирлашайлик!» шиори остидаги ички ишлар органлари ёш ходимлари ва ҳарбий хизматчиларининг «II республика ёшлар форуми»да учрашиб турганимиздан ғоят хурсандмиз. Андижонимизнинг сўлим гўшаси ҳисобланган Хонобод шаҳрига тўпланган фаол ва ташаббускор ёш ходимларни, бутун мамлакатимиз ёшларини форумни муваффақиятли якунлангани билан чин қалбимдан самимий табриклайман» деди Андижон вилояти ИИБ бошлиғи полковник Аюбхон Раҳматуллаев.
Форумнинг якунига бағишлаб ўтказилган гала концерт давомида мазкур мусобақаларда ғолиб бўлган жамоалар қимматбаҳо совғалар ва пул мукофотлари билан тақдирландилар. Самимий тилаклардан сўнг ғолибларга совғалар топширилди.
Шундан сўнг таниқли хонандалар томонидан дилтортар куй-қўшилар ижро этилди. Шунинг билан Андижон вилояти Хонобод шаҳрида бўлиб ўтган «Ички ишлар органлари ёш ходимлари ва ҳарбий хизматчиларининг ИИ Республика ёшлар форуми» ўз якунига етди.
Андижон вилояти ИИБ Ахборот хизмати