31 Август 2020 йил 929

Андижонда кенг қамровли "Тозалаш-Антитеррор" махсус тезкор профилактик тадбирлари ўтказилмоқда

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг 2020 йил 15 августдаги Республика миқёсида “Тозалаш-Антитеррор” махсус тезкор профилактик тадбирини ўтказиш тўғрисидаги фармойишига асосан Андижон вилояти ИИБ ходимлари томонидан бир қатор ишлар олиб борилмоқда.

“Тозалаш-Антитеррор” махсус тезкор профилактик тадбирига ички ишлар, миллий гвардия ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари ҳамда маҳалла раислари, шунингдек, бошқа жамоатчилик вакилларидан жами 2 минг 693 нафар ходим жалб этилган.

Вилоят ҳудудида ушбу тадбирни самарали ўтказиш мақсадида тезкор-криминоген вазият чуқур таҳлил қилиниб, шаҳар-туманлардаги мавжуд 882 та маҳаллалар тоифаларга ажратилиб, профилактик ишлар дастлаб тезкор-криминоген вазияти оғир ҳудудлардан бошланди.

Тадбир давомида вилоятда 330 мингдан зиёд объектлар тўлиқ текширилиб, далолатномалар расмийлаштирилди.

Аниқ яшаш жойи ва машғулот турига эга бўлмаган 26 нафар шахслар Реабилитация этиш марказига  ҳамда 78 нафар назоратсиз ва қаровсиз юрган  шахслар эса вилоят ИИБ вояга етмаганларга ижтимоий ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказига жойлаштирилди. Бундан ташқари илгари судланган шахслар томонидан содир этилиши мумкин бўлган жиноят ва ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олиш мақсадида вилоят бўйича жами 87 нафар  муқаддам судланган шахслар маъмурий назоратга олинди.

Маъмурий назорат қоидаларини бузганлиги учун Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 206-моддасига асосан жами 11 нафар
маъмурий назоратда турган шахсларга нисбатан маъмурий чоралар кўрилди.

Пробация хизмати ҳисобида туриб, жазодан қасддан бўйин товлаганлиги учун 6 нафар маҳкумларнинг жазо тури озодликдан маҳрум қилиш жазосига алмаштирилди.

Ички ишлар органлари ходимлари томонидан жами 9 минг 110 та маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳолатлари аниқланиб, ҳуқуқбузарларга нисбатан белгиланган тартибда ҳужжатлар расмийлаштирилди.

Тадбир давомида фуқаролар томонидан топиб олинган жами 9 та ов қуроли ва 108 дона ўқ-дорилар ихтиёрий равишда ички ишлар органларига топширилди.

Аввал содир этилиб, очилмай қолган жами 6 та жиноятлар фош этилишига эришилди. Гиёҳвандлик билан боғлиқ 10 та жиноий ҳолатлар аниқланди. 

Соғлиқни сақлаш муассасалари ходимлари билан ҳамкорликда жами 144 нафар соғлиқни сақлаш ҳисобида турувчи руҳий касал, гиёҳванд ҳамда спиртли ичимликка ружу қўйган шахслар даволаниш учун тиббий муассасаларга жойлаштирилди.

Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг тегишли моддаларида кўрсатилган ҳуқуқбузарликларни содир этган 817 нафар шахслар ички ишлар органлари профилактик ҳисобига олиниб, уларнинг ҳар бирига жамоатчилик вакилларидан мураббийлар бириктирилди.

Жазонинг муқаррарлигини таъминлаш мақсадида қидирувда бўлган 9 нафар шахслар ушланиб, тергов органларига топширилди.  Шунингдек, бедарак йўқолган 5 нафар шахслар соғ-саломат ҳолда топилиб, оила-аъзолари бағрига қайтарилди.   

Тадбир давомида мулкий турдаги жиноятларнинг олдини олиш мақсадида аҳоли хонадонлари ва бошқа объектларни марказий қўриқлаш пултига улаш бўйича тарғибот ишлари олиб борилиб, жами 107 объектлар қўриқлаш пултига уланди.

Ўтказилаётган тадбирлар давомида маҳалла фуқаролар йиғинларидаги аҳоли хонадонлари ва бошқа объектларга жами 300 дан ортиқ видеокузатув камералари ўрнатилди.

Тан жароҳати билан боғлиқ ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг содир этилишини барвақт олдини олиш мақсадида  жойларда “ТИҒ” профилактик тадбирлари ўтказилиб, фуқаролар томонидан бемақсад олиб юрилган жами 274 та турли хилдаги тиғли предметлар олинди.

Ҳозирда вилоят ҳудуди бўйлаб “Тозалаш-Антитеррор” махсус тезкор профилактик тадбири давом этмоқда.

 

Андижон вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech