29 Ноябр 2021 йил 698

Андижонда “Зўравонликка қарши 16 кун” акцияси доирасида тадбирлар ўтказилмоқда

Республикамиз бўйлаб 25 ноябрь хотин-қизларга нисбатан камситилишларга барҳам бериш халқаро куни муносабати билан “Зўравонликка қарши 16 кун” акцияси доирасида бир қатор тадбирлар ўтказилмоқда.

Хусусан, Андижон давлат тиббиёт институтида вилоят прокуратураси, ички ишлар, маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш, адлия, халқ таълими, касбий таълимни ривожлантириш ва мувофиқлаштириш, Ёшлар ишлари агентлиги бошқармалари ҳамкорлигида давра суҳбати ташкил этилди. Унда Андижон вилояти ИИБ ҲПБнинг барча шаҳар-туманлардаги хотин-қизлар масалалари бўйича катта инспекторлари, ҳудуддаги олий таълим муассасалари профессор ўқитувчилари, маҳалла раисларининг хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосарлари, Диний қўмитанинг вилоят вакиллиги ходимлари, фаол ёшлар ҳамда ОАВ вакиллари, блогерлар иштирок этдилар. 

Жараёнда хотин-қизлар муаммоларини ҳал этиш ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини таъминлашда давлат органлари масъулиятини ва фуқаролик жамияти институтларининг ролини ошириш масалалар атрофлича муҳокама қилинди. Шунингдек, аёлларга нисбатан зўравонлик ва тазйиқнинг ҳар қандай кўринишига барҳам бериш ҳамда кенг жамоатчиликка етказиш борасида давлат бошқаруви органлари, дипломатик корпус, нодавлат-нотижорат ташкилотлари, жамоатчилик фаоллари ва ОАВ вакилларининг ўзаро ҳамкорлигини яна мустаҳкамлаш муҳим жиҳатлардан эканлиги таъкидланди. Бу борада келгусида амалга оширилиши зарур бўлган ишлар бўйича ўзаро келишилди. Акция вилоят бўйлаб давом этмоқда.

 

Андижон вилояти ИИБ Ахборот хизати

 

Text to speech