Андижон шаҳрида содир этилган жиноятга сабаб бўлган омиллар кенг жамоатчилик иштирокида муҳокама қилинди
2021 йил 3 январь куни соат 23:40 ларда Андижон шаҳрида яшовчи фуқаро Қ.И Олтинкўл туманида истиқомат қилувчи Т.О билан арзимас сабаб туфайли ўзаро жанжаллашган. Бунинг оқибатида Қ.И ёнида бўлган хўжалик пичоғи билан Т.О.нинг қорин қисмига бир маротаба уриб, унга оғир тан жароҳати етказган.
Мазкур ҳолат юзасидан Андижон шаҳри бўйича ИИО ФМБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 104-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Ушбу нохуш ҳолатни содир этган фуқаронинг қилмиши кенг жамоатчилик иштирокида танқидий муҳокама қилинди. Андижон вилояти ИИБ бошлиғи полковник А.Тасбаев раислигида ўтказилган муҳокама йиғилишида ушбу жиноятнинг келиб чиқиш сабаблари туб илдизигача таҳлил қилинди.
Сўз олганлар томонидан бугунги кунда кўплаб оилаларда ота-оналарнинг фарзандлар тарбиясидаги масъулиятсизлиги,уларни тайинли иш билан шуғулланишларида кўмакчи бўлмаётганликлари, бунинг оқибатида эса юқоридаги каби аянчли ҳолатлар келиб чиқаётганлиги ўкинч билан тилга олинди.
Хусусан, аксарият маҳаллаларда қўни-қўшнилар, қариндош -уруғларнинг атрофида бўлаётган воқеа-ҳодисаларга беписандлик билан қараб, кўриб-кўрмасликка олаётганликлари, бўлаётган ҳолатларга томошабин бўлиб ўрганиб қолаётганликлари кескин қораланди. Муҳокамада иштирок этган фуқаролар ҳам содир этилган бу нохуш ҳолат бўйича ўз муносабатларини очиқ ойдин баён этдилар.
Шунингдек, пичоқ билан кимгадир тажовуз қилиш муқаддас динимизда каттиқ қораланиши ва эркак киши учун катта иснод эканлиги ҳаётий мисоллар орқали фуқароларга етказилди. Бўлиб ўтган бу воқеани муҳокамада иштирок этганларнинг барчаси оиласи, қариндош-уруғлари, маҳалла вакилларига ибрат олиш мақсадида етказишлари шарт эканлиги қайта-қайта таъкидланди.
Муҳокама сўнгида Андижон шаҳридаги мавжуд барча маҳалла фуқаролар йиғинларида мазкур жиноятнинг келиб чиқиш сабабларини туб илдизигача кенг жамоатчилик вакилларига етказиш бўйича сектор раҳбарлари, ҳудудий профилактика инспекторлари, маҳалла фуқаролар йиғини раислари, кўчабошилари, оқсоқоллари ҳамда маҳалла фаолларига муҳим чора-тадбирлар белгилаб берилди.
Андижон вилояти ИИБ Ахборот хизмати