2 Апрел 2021 йил 706

Андижон туманининг Саноат ва Султонобод маҳаллаларида “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси куни” муносабати билан  амалий тадбирлар ташкил этилди

Андижон вилояти ИИБ бошлиғи ташаббуси билан Андижон туманида криминоген вазият оғир бўлган Саноат ва Султонобод маҳаллаларида жиноятчиликни барвақт олдини олиш ҳамда ушбу ҳудудларда барқарор вазиятни таъминлаш борасида ўтказилиши лозим бўлган аниқ мақсадли профилактик чора тадбирлар дастури ишлаб чиқилиб, ушбу  дастурга асосан 2 та ишчи гуруҳ ташкил этилди.

2021 йил 01 апрель куни Андижон туманида  ўтказилган йўриқномада ишчи гуруҳлар томонидан амалга оширилиши лозим бўлган  аниқ вазифалар белгилаб олиниб, шу куни ички ишлар ҳамда бошқа ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда бир қатор амалий ишлар олиб борилди.

Хусусан, ўтказилган тадбирлар давомида қайта жиноят содир этилишини олдини олиш мақсадида муқаддам судланганлар ва Пробация ҳисобида турувчи фуқаролар билан профилактик ишлар амалга оширилиб, уларнинг муаммолари атрофлича ўрганилди ҳамда 2 нафарининг бандлиги таъминланди. 

Шунингдек, Саноат ва Султонобод ҳудудларида яшовчи оилавий жанжаллар оқибатида тазйиқ ёки зўравонликка учраган  жами 9 нафар  аёлга ҳимоя ордерлари топширилди. Ушбу шахсларга ҳимоя ордерларининг берилиши жавобгарликдан озод этмаслиги, Ўз хатти-ҳаракатлари учун уларнинг ўзи жавоб беришлари бўйича ҳам атрофлича тушунтириш ишлари олиб борилди.

Таълим муассасалари ва аҳоли ўртасида жиноятларнинг олдини олиш борасида ҳуқуқий тарғибот ишлари ўтказилиб, учрашувлар давомида янги қабул қилинаётган қонун ҳужжатларнинг мазмун-моҳияти тушунтирилди. Шунингдек, ёшлар ва Вояга етмаганлар томонидан содир этилаётган жиноятлар, турли ёд ғоялар таъсирига тушиб қолмасликлари, одам савдоси, интернетдаги турли фирибгарларнинг алдовлари, уларнинг аянчли оқибатлари, ҳар қандай жиноятга жазонинг муқаррарлиги юзасидан  ҳаётий мисоллар  ёрдамида тушунтириш-тарғибот ишлари ҳам олиб борилди.

Бандликка кўмаклашиш марказида коррупция ҳолатларига йўл қўйилмаслик, унинг салбий оқибатлари бўйича тушунчалар берилиб, марказ ходимларининг ҳуқуқий онги ва маданиятини янада ошириш мақсадида вилоят ИИБ жиноят қидирув бошқармаси коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш бўлими томонидан йиғилиш ўтказилди.

Вилоят ИИБ терроризм ва экстремизмга қарши курашиши бошқармаси ходимлари томонидан ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг муаммолари ўрганилиб, улар билан профилактик ишлар амалга оширилди. Шунингдек, одам савдоси ва ноқонуний миграцияга қарши курашиш бўлими томонидан тумандаги тиббиёт бирлашмаси туғруқ бўлимида ишловчи ходимлар билан учрашувлар ташкил этилиб, одам савдоси иллати инсон ҳаёти, эркинлиги ва ҳуқуқларини поймол қилувчи оғир жиноят эканлиги тўғрисида профилактик тушунчалар олиб борилди.

Шунингдек, Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси ходимлари томонидан Саноат ва Султонобод ҳудудидаги таълим масканларида илк маротаба Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг “ID” картасини олиш тартиби бўйича учрашувлар ўтказилиб, тушунчалар берилди.

Тадбирлар давомида, Саноат маҳалласи аҳолиси уюшган холда, ҳамжиҳатликда, ташкилот ходимлари билан биргаликда ободонлаштириш ишларини кенг кўламда амалга оширишди. Бунёдкор кўчасидаги кўп қаватли уйларнинг ички йўлларига фуқароларга қулайликлар яратиш мақсадида шағал ётқизилди. Шунингдек, соғлиқни сақлаш муассасалари ҳисобида турувчи шахслар холидан хабар олиниб, туман ички ишлар бўлими ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлинмаси профилактика инспекторлари томонидан профилактик ишлар амалга оширилди.

Шу ўринда айтиб ўтиш жоизки, ички ишлар ходимлари томонидан Саноат ҳамда Султонобод МФЙдаги ижтимоий ҳимояга муҳтож аёлларга даволаниш учун бепул йўлланмалар берилди ҳамда шу каби муҳтож хонадонлар, айрим боқувчисини йўқотган фуқаролар ҳолидан хабар олиниб, муаммолари ўрганилди.

Тузилган ишчи гуруҳлар томонидан Андижон туманидаги Саноат ва Султонобод маҳаллаларида жиноятчиликни барвақт олдини олиш ҳамда ушбу ҳудудларда барқарор вазиятни таъминлаш борасидаги профилактик ишлар давом эттирилмоқда.

 

Андижон вилояти ИИБ Ахборот хизмати

 

 

Text to speech