13 Январ 2021 йил 804

Андижон вилояти ички ишлар бошқармасида “14 январь – Ватан ҳимоячилари куни" муносабати билан тантанали тадбир бўлиб ўтди

Андижон вилояти ички ишлар бошқармасида Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлар ташкил этилганлигининг 29 йиллиги ҳамда “Ватан ҳимоячилари куни” муносабати билан байрам тадбири бўлиб ўтди. Байрамга хизмат вақтида ҳалок бўлган ходимларнинг  яқинлари ҳамда ички ишлар фахрийлари ҳам таклиф этилди.

Тадбир аввалида вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи полковник Азат Тасбаев сўз олиб, бугунги тинч ва фаровон ҳаёт замирида ватан осойишталигини таъминлашга азму қарор қилган ҳар бир ички ишлар ходимининг алоҳида хизмати борлигини таъкидлади.

Шундан сўнг, хизмат жараёнида фидойилик кўрсатиб, масъулиятли вазифасига сидқидилдан ёндашаётган бир гуруҳ ходимлар кўкрак нишонлари ва пул мукофотлари билан тақдирландилар.

Самимий тилаклар ҳамда шўх ўйин кулги билан ўтган байрам тадбирига санъаткорларнинг ташриф буюришлари ўзгача кўтаринкилик ҳамда шод-хуррамлик бахшида этди. Юртни, истиқлолни мадх этувчи куй – қўшиқлар ҳамда турли мавзудаги ҳазилларни ўзида мужассам этган чиқишлар тадбир  иштирокчиларига янада завқ улашди.

Шу куни байрам муносабати билан бошқарма ҳудудидаги “Шон шараф” музейининг очилиш маросими ҳам бўлиб ўтди.  Унда қатнашчилар Ўрта Осиё, хусусан, Андижоннинг қадимги давлатчилик хавфсизлигидан бошлаб, бугунги кунгача босиб ўтган йўли, ҳудудий хавфсизлик ва халқ осойишталиги йўлида хизмат қилган фидоийлар, ўтган ҳар бир даврнинг воқеа ҳодисаларини ўзида мужассам этган кўргазмалар билан танишдилар.

Неъматлар ичида энг буюги, ардоқлиси тинчликдир.Ана шундай тинч ва осмони мусаффо заминда яшаётган ҳамда унинг осойишталигига муносиб ҳисса қўшаётган  вилоят ички ишлар бошқармаси ходимлари хам  мана шундай эътибордан руҳланиб озод ва обод юртимизнинг порлоқ келажаги йўлида бор куч ғайратини сафарбар этишлари шубҳасиздир.

 

Андижон вилояти ИИБ Ахборот хизмати

 

Text to speech