Андижон вилояти ИИБ бошлиғи Пахтаободлик ёшлар ва хотин-қизлар билан сайёр учрашув ўтказди
2020 йилнинг 21 ноябрь куни Андижон вилояти ИИБ бошлиғи полковник Азат Тасбаев Пахтаобод тумани, Нодирабегим МФЙдаги “Олтин мато текстил” МЧЖ биносида хотин-қизлар ва ёшлар билан учрашув ўтказди.
Учрашувда, Пахтаобод тумани ҳокими, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Пахтаобод туманидаги “Халқ қабулхонаси” масъул ходимлари, шунингдек барча мутасадди ташкилотлари иштирок этди.
Дастлаб, учрашувга ташриф буюриб, ишга жойлашиш масаласида мурожаат қилаётган жами 37 нафар ёшлар ва аёллар билан янги очилиб, фаолият бошлаган “Олтин мато текстил” МЧЖ бўйлаб “JOB VOYAGE” ташкил қилинди. Уларга корхонадаги иш тартиби, меҳнат жараёни ва яратилган қулайликлар бевосита таништирилди, айни вақтда ушбу корхонада ишлаётган ёшлар ва хотин-қизлар билан “Fact to face” мулоқот ташкил қилинди.
Ушбу тадбир натижасида, мазкур корхонада ишлаш истагини билдирган ёшлар ва аёлларнинг рўйхатлари тузилди ва улар билан меҳнат шартномаси расмийлаштирилди.
Шундан сўнг, бинода карантин қоидаларига риоя этилган ҳолда ёшлар ҳамда аёллар билан сайёр учрашув ҳам ташкил этилди.
Учрашув жараёнида жами 81 нафар ёшлар ва аёллардан келиб тушган жами 115 та мурожаатлар учрашув жараёнининг ўзида кўриб чиқилди.
Ушбу мурожаатларнинг 57 таси қабул жараёнининг ўзида қаноатлантирилди. 2 та мурожаатлар бўйича муаллифларга ҳуқуқий маълумот ва тушунтиришлар берилди.
Қолган 56 та мурожаатлар тегишли идоравий қарорларни қабул қилиш билан боғлиқ бўлганлиги сабабли ижрога олинди
ва уларни қисқа муддатларда ҳал этиш чоралари кўрилди.
Ишга жойлашиш масаласидаги 51 та мурожаатларнинг 37 таси жойида қаноатлантирилди, 14 таси ижрога олинди.
Жумладан, ўзи истаган иш билан таъминланиш истагида ташриф буюрган Қаҳҳорова Зубайда Шокировна ва яна шу каби 32 нафар хотин-қизлар “Олтин мато текстил” МЧЖга, Сурайё Сайилова эса туман Тиббиёт бирлашмасига ҳамшира вазифасига ишга жойланди. Қаҳрамон Содиқовга унинг кўзини даволатиш учун ордер расмийлаштирилиб берилди.
Гулойим Тўлаковага бир дона тикув машинаси берилиб, яшаш жойида ўзини-ўзи бандлигини таъминлаши ва даромад топиш учун шароит яратиб берилди.
“Темир дафтар”га киритилган Саломатхон Хожиева ва яна 10 нафар аёлларга моддий ёрдам ҳамда уларнинг вояга етмаган фарзандларига қишки кийим-бош берилди.
Газ баллони бўлмаганлиги сабабли газ баллон ажратиб бериш масаласида мурожаат қилган Н.Ҳакимжонов ва яна шу каби 3 нафар ёшларга газ баллон берилди.
Шундан кейин, ҳудудида бир нечта жиноятлар содир этилиб, жиноятчилик ўтган йилга нисбатан кўпайган ҳамда бунинг оқибатида криминоген вазият мураккаблашган “Пайноб” МФЙга борилди ва бунинг сабаблари маҳалланинг ўзида, тегишли масъуллар ва мутасаддилар иштирокида муҳокама қилиниб, тегишли кўрсатма ва топшириқлар берилди, вазиятни барқарорлаштиришга эришиш учун қўшимча куч-воситалар жалб этилди.
Андижон вилояти ИИБ Ахборот хизмати