8 Август 2020 йил 624

“Facebook” ижтимоий тармоғининг “Халқ назорати” гуруҳида жойлаштирилган мурожаат бўйича расмий маълумот

2020 йил 06 август куни “Facebook” ижтимоий тармоғининг “Халқ назорати” гуруҳида Шахрихон туманида яшовчи фуқаро Хожиматов Нодирбек Нурмухаммадович томонидан “Андижон вилоятида эркин фикр учун яна качонгача такиб давом этиши мумкун???” номли сарлавҳа остида мурожаат жойлаштирилган.

Ушбу мурожаатда фуқаро Хожиматов Нодирбек ўзига нисбатан ҳокимият ва ҳуқуқ-тартибот органлар томонидан босим ўтказилаётганлигини, жорий йилнинг 06 август куни Шаҳрихон тумани ИИБ ходимилари орқали туман прокуратурасига чақиртирилаётганлигини кўрсатиб ўтган.

Ўрганишлар натижасида Хожиматов Нодирбекнинг ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари томонидан қуйидаги сабаб билан чақиртирилганлиги маълум бўлди.

Хожиматов Нодирбек 2020 йилнинг 16 май куни Шаҳрихон тумани “Номозгох” МФЙ ўрамида, хеч қандай хужжатларсиз, транспорт воситасини бошқариб кетаётган вақтида, шу йўналишда хизмат олиб бораётган йўл ҳаракати хавфсизлиги гуруҳи инспекторининг “тўхташ” тўғрисидаги буйруғига бўйсунмасдан ҳаракатланган. Ушбу хатти-ҳаракатлари билан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 135-моддаси (Йўл ҳаракати қоидаларида назарда тутилган ҳужжатлари бўлмаган шахсларнинг транспорт воситаларини бошқариши) ва 194-моддасида (Ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик) кўрсатилган маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳолатларини содир этган. (Пандемия муносабати билан чора кўриш муддати узайтирилган). 

Бундан ташқари, Хожиматов Нодирбек маҳалладоши Р.Г билан ўзаро келишмовчиликлар натижасида у билан жанжаллашган ва уни ҳақорат қилган. Ушбу ҳолат бўйича фуқаро Р.Г шу йилнинг 27 май куни Шаҳрихон тумани ИИБга ариза билан мурожаат қилган. Ариза бўйича ҳужжатлар расмийлаштирилиб, қонуний чора кўриш учун Шаҳрихон тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлимига топширилган. Тергов ҳаракатлари давомида Хожиматов Нодирбек томонидан бир йил давомида 2-маротаба худди шундай ҳуқуқбузарлик содир этилганлиги сабабли, Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 140-моддаси 1-қисмида кўрсатилган жиноят аломатлари бор деб топилган ва унга нисбатан ушбу модда билан жорий йилнинг 06 август куни жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Андижон вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech