Ижтимоий тармоқларда “ИИБ ходимлари маҳалланинг уюшган жиноий тўдага айланган фуқаролари томонидан тошбўрон қилинди” сарлавҳали видеохабар бўйича расмий муносабат
2022 йилнинг 1 февраль куни ижтимоий тармоқларда “ИИБ ходимлари маҳалланинг уюшган жиноий тўдага айланган фуқаролари томонидан тошбўрон қилинди” сарлавҳали видеохабар тарқалди.
Ушбу видеохабарда Андижон вилояти, Балиқчи тумани, Алам маҳалласида содир бўлган ҳолат баён этилган.
Ҳолат юзасидан Андижон вилояти ИИБ масъул ходимлари томонидан ўрганиш ишлар олиб борилди.
Аниқланишича, Балиқчи тумани, Аълам МФЙда яшовчи А.Б туман Сувоқава ташкилотига тегишли бўлган сув қазиб чиқариш иншооти ва ҳудудини ўзининг томорқасига ноқонуний қўшиб олганлиги ва девор билан ўраб олганлиги, агар сув иншооти носоз ҳолга келса, таъмирлаш учун келган фуқароларни бу ҳудудга ўтишга тўсқинлик қилаётганлиги учун маҳалла аҳолиси билан ушбу оила ўртасида низо юзага келганлиги маълум бўлди.
Мазкур масала, Фуқаролик ишлари бўйича Избоскан тумани судида ўтган 2021 йилнинг 28 май куни кўриб чиқилиб, маҳалла аҳолиси фойдасига ҳал этилган. Ушбу ноқонуний қурилган бинони бузиш учун суд томонидан муддат белгиланган.
МИБ ҳамда туман мутасадди раҳбарлари томонидан ушбу қарорга асосан А.Б.га ноқонуний қурилишни бузиш кераклиги тушунтирилган бўлсада, у томонидан бунга қаршилик қилиниб, девор бузилмаган.
2022 йилнинг 28 январь куни мажбурий ижро бюроси ходимлари суд қарорига асосан А.Б.нинг хонадонига сув қудуғи ҳудудидаги ноқонуний қурилган деворни бузиш учун ижрога борган вақтларида, А.Б ва унинг бирга яшовчи ўғли Р.Ш, келини Й.Г.лар билан маҳалла аҳолиси ўртасида низо келиб чиқиб, оқибатда маҳаллада яшовчи бир неча фуқаролар томонидан А.Б.нинг деворига тош отилган ва бу ҳолат дарҳол ИИБ ходимлари томонидан бартараф этилган.
Отилган тошлар у ерда бўлган ИИБ ёки бошқа мутасадди ташкилот ходимларга ёхуд фуқароларга қаратилмаган ва уларга тегмаган.
Мазкур ҳолат юзасидан Балиқчи тумани ИИБ томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Текширув якунига кўра, ҳуқуқбузарлик содир этган шахслар аниқланган тақдирда, уларнинг хатти-ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилади.
Андижон вилояти ИИБ Ахборот хизмати