Ижтимоий тармоқларда “ИИБ ходимлари заправкада эркакнинг қўлига кишан тақмоқчи бўлгани айтилмоқда” сарлавҳали видеохабар юзасидан
2023 йил 31 январь куни ижтимоий тармоқларда “ИИБ ходимлари заправкада эркакнинг қўлига кишан тақмоқчи бўлгани айтилмоқда” сарлавҳаси билан тарқалган видеохабар юзасидан Андижон вилояти ИИБ масъул ходимлари томонидан ўрганиш ишлари олиб борилди.
Аниқланишича, 2023 йил 25 январь куни соат 17:30 ларда Избоскан тумани ИИБ ҲПБ профилактика катта инспектори капитан Ж.Жўраев ҳамда Вояга етмаганлар масалалари бўйича инспектор психолог ходимлари Избоскан тумани “Урганжи” МФЙ, “Маданият йўли” кўчасида жойлашган “ЭКСКАЛИБУР ОИЛ” номли автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчасида жамоат тартибини сақлаб турган вақтларида, Пахтаобод туманида яшовчи фуқаро О.О бензин ёқилғисини навбатсиз олиш мақсадида кириб бориб, навбатда турганларнинг ҳақли эътирозига сабаб бўлган ва фуқаролар ўртасида норозилик келтириб чиқарган. Ушбу вазиятда ИИБ ходимлари томонидан фуқаро О.О билан тушунтириш ишлари олиб борилишига қарамасдан хизмат олиб бораётган ходимларга қасдан бўйсунмасдан, фаол қаршилик кўрсатиб, жамоат тартибини бузган.
Мазкур ҳолатда ходимлар Ўзбекистон Республикасининг “Ички ишлар органлари тўғрисида”ги Қонуннинг 22-моддасига асосан ички ишлар органи ходимининг қонуний талабларига қаршилик кўрсатилишини бартараф этиш учун жисмоний куч ишлатишган. О.О.га ҳеч қандай тан жароҳати етказилмаган.
Маълум бўлишича, фуқаро О.О автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчасига мунтазам равишда навбатсиз кирмоқчи бўлиб, жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимасдан бошқа навбатда турганларнинг ҳам ҳақли эътирозига сабаб бўлиб келган.
Мазкур ҳолат бўйича фуқаро О.О.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 183-моддаси, 194-моддаси 1-қисми билан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, тўпланган ҳужжатлар қонуний кўриб чиқишлик учун Жиноят ишлари бўйича Избоскан туман судига юборилган.
Андижон вилояти ИИБ Ахборот хизмати