1 Сентябр 2020 йил 1060

Ижтимоий тармоқларда тарқалган фуқаронинг видеомурожаати бўйича расмий муносабат

Ижтимоий тармоқларда Фарғона вилояти Қува тумани Қайирма маҳалласида яшовчи фуқаро Акрамов Акмалжоннинг видеомурожаати тарқалди. Унда ушбу фуқаронинг Андижон вилояти ИИБ, вилоят прокуратураси ва Андижон тумани прокуратурасига йўллаган мурожаатлари самарасиз қолаётганлиги, транспорт воситасини олиб қочган шахсларга нисбатан чора кўрилмаётганлиги баён қилинган. 

Фуқаро А.Акрамовнинг мурожаати Андижон тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими терговчиси В.Мўйдинов томонидан кўриб чиқилган.

Аниқланишича, фуқаро А.Акрамов 2014 йил сентябрь ойида Андижон шаҳар Боғишамол даҳасида жойлашган автомобиль бозорида А.Дадажоновдан “Нексия” русумли 60V987HA давлат белгили автомашинасини олдиндан 4.000 АҚШ доллари бериб, қолган 8.000 АҚШ долларини бир йил давомида бериш шарти билан жами 12.000 АҚШ долларига сотиб олиб, келишилган бир йил муддатда 8.000 АҚШ долларини беролмасдан 5.100 АҚШ доллари берганлиги сабабли 2016 йил ноябрь ойида А.Дадажонов томонидан А.Акрамовга автомашинани бошқариш учун берилган ишончнома нотариал тартибда бекор қилинган ва автомашина қайтариб олинган.

А.Дадажонов томонидан А.Акрамовдан қайтариб олинган “Нексия” русумли 60V987HA давлат белгили автомашина ўрнига таниши Ф.Мамасодиқовга тегишли бўлган “Нексия” русумли 60А065ҒА давлат белгили автомашинани А.Акрамовга 13.300 АҚШ долларига сотган ва А.Дадажонов А.Акрамовдан олган 9.100 АҚШ долларини Ф.Мамасидиқовга беришга ва қолган 4.200 АҚШ долларини А.Акрамов бир йил давомида Ф.Мамасидиқовга тўлашга келишишган. Лекин, А.Акрамов бир йил давомида 4.200 АҚШ доллари миқдоридаги пулларни Ф.Мамасидиқовга умуман бермаганлиги сабабли, 2017 йил март ойида Ф.Мамасидиқов А.Акрамовни Асака тумани ҳудудига чақириб, автомашинани пулларини берганидан сўнг қайтариб беришини айтиб олиб қўйган.

Фуқаро А.Акрамов ва А.Дадажоновларнинг ўртасидаги ҳолат фуқаролик-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиққан низо сифатида баҳоланиб, фуқаролик суд иш юритуви тартибида ҳал этилиши лозим бўлганлиги ҳамда Ф.Мамасидиқов томонидан ўзига тегишли бўлган автомашина келишилган пуллар тўланмаганлиги сабабли қайтариб олганлиги ҳолатида транспорт воситасини олиб қочиш жинояти аломатлари мавжуд бўлмаганлиги сабабли, ЖПКнинг 83-моддаси 2-бандига асосан жиноят иши қўзғатишни рад қилиш тўғрисида қарор қабул қилинган.    

 

Андижон вилояти ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси

 

Text to speech