Инсонлар ҳаётини сақлаб қолган сафдорлар
Осойишталик посбонлари жасорат, матонат ва қаҳрамонлик кўрсатиб, юқори касбий маҳорат намуналарини намойиш этишмоқда, қатъийлик ва дадиллик билан мардонавор ҳаракат қилишмоқда.
...Андижон вилояти ИИБ ППХ ва ЖТСБ ЖТСБ батальони ходимлари, сафдорлар Муҳаммаджон Азимов ва Санъатбек Тожибоев пиёда патруль наряди таркибида хизмат олиб бораётганида тунги соат 2.00 бўлиб қолганди. Бирдан наряд бошлиғи сафдор М. Азимов шеригига юзланди:
– Сезяпсанми, куйинди ҳиди келяпти?
– Балки хазон тутаётгандир? – тахмин қилди С. Тожибоев.
Сергакликни кучайтирган наряд йўлда давом этди. Ички сезги осойишталик посбонларига панд бермаган эди: Пушкин кўчасидаги 16-уйнинг панжара ўрнатилган деразаси дарчасидан қуюқ тутун буралиб чиқарди.
– Рация орқали навбатчилик қисмига хабар қил! – буюрди сафдор М. Азимов шеригига, ўзи эса дарвозани тақиллата бошлади. Эшикни ҳеч ким очмасди. Бу орада сафдор С. Тожибоев ППХ батальонининг навбатчилик қисмига ҳодиса юзасидан хабар қилди.
Осойишталик посбонлари эшикни бир амаллаб очишга муваффақ бўлишди. Уйнинг ҳовлиси ва асосий иморатлар олов ичида қолганди.
ППХ ходимлари дадил ҳаракат қилиб тутун билан қопланган ҳовлига киришди, ташқарига қараган хоналарнинг эшикларини тақиллата бошлашди. Шу пайт бир йигитча жавоб қайтарди.
– Нима бўлди? – сўради у уйқули кўзлари билан хизмат кийимидаги ходимларга ҳайратланиб қараркан.
– Уйингизда ёнғин содир бўлган, оиланинг бошқа аъзоларини ҳам уйғотинг!
Ходимлар саноқли дақиқалар ичида икки болани ташқарига олиб чиқишди. Оиланинг қолган аъзоларини қутқариш мақсадида ёнаётган уйнинг ҳовлисига қайтишга уринишди, аммо ўтиш йўлини ҳам аланга қоплаб олганди.
Вақтни йўқотишни ҳалокатли эканини ҳис қилган ходимлар қўшниларнинг эшигини тақиллата бошлади. Улардан нарвон олиб, гуриллаб ёнаётган уйга том орқали ошиб тушишди. Осойишталик посбонлари ёнғин ўчирувчилар келгунга қадар қўшни уйнинг томига тиралган нарвон орқали икки нафар вояга етмаган болани ва эру хотинни қутқаришга улгуришди.
Ҳодиса жойига етиб келган ўт ўчирувчилар гуруҳи ўн дақиқа ичида ёнғинни бартараф этишди. Ходимларнинг аниқ ва профессионал даражада амалга оширган саъй-ҳаракатлари билан барча оила аъзоларининг ҳаёти сақлаб қолинди.
Осойишталик посбонлари ўша мушкул вазиятда ўз ҳаётлари ҳақида ўйламаганини, на саросима, на қўрқувни ҳис этишганини, энг муҳими, одамларни қутқариш ўйи билан ҳаракат қилганини эътироф этишди.
Дастлабки маълумотларга кўра, юз берган ёнғин электр тармоғидаги қисқа туташув оқибатида келиб чиққани аниқланди.
Хўш, жасорат кўрсатган қаҳрамонларимиз кимлар эди?
Сафдор Муҳаммаджон Азимов Андижон туманида туғилган. Андижон алоқа касб-ҳунар коллежини тамомлаб, ишлаб чиқариш соҳасида меҳнат қилган. 2015 йилда Андижон вилояти ИИБ ППХ ва ЖТСБ ППХ батальонида хизматни бошлаган. У устози сержант Музаффар Очилдиевнинг кўмаги билан тажриба тўплади. Рафиқаси Баҳридилхон билан биргаликда икки ёшли ўғли Азизбекни тарбиялашмоқда.
Сафдор Санъатбек Тожибоев Марҳамат туманида таваллуд топган. Ички ишлар органларида 2016 йилдан буён хизмат қилади. У Қуролли Кучлар сафидан захирага бўшатилган отасининг изидан боришни, ҳарбий бўлишни орзу қиларди.
Сафдорлар М. Азимов ва С. Тожибоев ёнғин чоғидаги ўз ҳаракатларини қаҳрамонлик деб ҳисоблашмайди: «Инсонларга ёрдам бериш бурчимиз. Ўрнимизда бўлган ҳар қандай ходим шундай йўл тутган бўларди...».
Ҳикоямиз қаҳрамонлари – оддий йигитлар, патруль-пост хизмати батальонида улар каби кўплаб ходимлар фаолият юритади.
– Бўлинма шахсий таркиби жиноятчиликка қарши курашиш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, жамоат тартибини сақлаш бўйича масъулиятли вазифаларни бажаради, – дейди Андижон вилояти ИИБ ППХ ва ЖТСБ бошлиғи, подполковник Муҳаммаджон Нишонов. – Юқори даражадаги тайёргарлик, касбий маҳорат туфайли ходимлар ўз зиммасидаги вазифаларни шараф билан адо этишмоқда.
Андижон вилояти ИИБ Ахборот хизмати