17 Июл 2024 йил 2600

Олтинкўл тумани ИИБ шахсий таркиби ҳамда уларнинг ота-оналари иштирокида хизмат интизомини мустаҳкамлашга қаратилган муҳокама йиғилиши ўтказилди

Андижон вилояти ИИБ бошлиғининг ўринбосари подполковник Жонибек Давронов ҳамда ИИВ Шахсий хавфсизлик бош бошқармасининг Андижон вилояти бўйича бошқармаси раҳбарияти бошчилигида хизмат интизомини мустаҳкамлашга қаратилган муҳокама йиғилишлари шаҳар-туманларда давом эттирилмоқда.  

Жорий йилнинг 16 июль куни Олтинкўл тумани ҳокимлигида бўлиб ўтган муҳокама йиғилишида ҳам ички ишлар бўлимининг шахсий таркиби ҳамда уларнинг ота-оналари иштирок этдилар.

Тадбир аввалида, йиғилганлар эътиборига турли қонунбузилиш ҳолатларини содир этиб, яқинларини эл-юрт олдида уятга қўйган айрим нопок ходимларнинг аччиқ қисматлари акс этган видеоролик намойиш этилиб, бу каби тизим обрўсига путур етказадиган салбий ҳолатларни олдини олиш бўйича атрофлича сўз олиб борилди. Ноқонуний ишлар содир этганларнинг аянчли тақдири барчага дарс бўлиши тўғрисида ҳам ҳаётий тажрибалар ўртоқлашилди.

Шунингдек, муҳокама давомида ички ишлар бўлимларининг шахсий таркиби ўртасида хизмат интизоми ва қонунийликни таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ва йўл қўйилган камчиликлар ҳолати чуқур танқидий таҳлил қилиниб, келгусида бажарилиши лозим бўлган вазифалар белгилаб олинди.

Тадбир сўнгида, ўзининг намунали интизоми ҳамда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олишда бошқа ҳамкасбларига алоҳида ўрнак бўлиб келаётган бир гуруҳ ходимларнинг ота-оналарига бошқарма бошлиғининг ташаккурномалари ҳамда соғлигини тиклаш учун санаторияларга йўлланмалар тантанали равишда топширилди.

Ҳозирда бу каби хизмат интизоми ва қонунийликни таъминлашга қаратилган тадбирлар жойларда давом эттирилмоқда.

Андижон вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech