Пахтаобод туманида содир этилган жиноят сабаблари кенг жамоатчилик ўртасида муҳокама этилди
Жорий йилнинг 16 август куни Пахтаобод тумани Тошқўрғон МФЙда содир этилган қотиллик жинояти юзасидан Андижон вилояти ИИБ бошлиғининг биринчи ўринбосари полковник С.Б.Джаббаров бошчилигида муҳокама йиғилиши ўтказилди.Унда туман ҳокими ва ИИБ бошлиқлари, имом-хатиблар, маҳалла фаоллари, нуронийлар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Сўз олганлар томонидан содир этилган нохуш ҳолат сабаблари ва унинг оқибатлари жамоатчиликка атрофлича етказилди. Шунингдек, кичик низоларга ва ўзаро тортишувларга гувоҳ бўлаётган пайтда атрофдагиларнинг мажбуриятлари, тинчликни сақлаш олдидаги вазифалари, зудлик билан ўша ҳудудда хизмат олиб бораётган профилактика инспекторига хабар қилиш ҳамда бошқа бир қанча мавзуларда сўз юритилди.
Бундан ташқари, бошқа бир инсонга қасддан зарар етказишнинг гуноҳи оғир эканлиги, икки ёки ундан кўпроқ инсонлар орасида низо чиқишини ташқаридан била туриб, бунга бефарқ бўлиш ҳам катта айб саналиши ҳақида атрофлича сўз олиб борилди. Маҳалла раиси, нуронийлар ва маҳалла фаоллари ҳам ушбу ҳолат борасида ўзларининг фикр мулоҳазаларини билдиришиб, келгусида бундай ҳолатлар такрорланмаслиги учун бор имкониятлари билан ҳаракат қилишларини таъкидлаб ўтишди.
Шунингдек, ўтказилган муҳокама йиғилишида ўғрилик, фирибгарлик ва талончилик жиноятларини олдини олиш ва бунга имкон яратган шарт-шароитлар ҳам атрофлича таҳлил қилинди. Ушбу турдаги жиноятларни аҳоли ўртасида муҳокама этиш ишлари мунтазам амалга оширилаётган бўлсада, ҳануз ўзгалар мулкини ўғирлаш, одамларни алдаб чув тушириш ҳолатлари рўй бераётганлиги, бу каби салбий ҳолатларга фуқароларнинг ўз мол-мулкларига эҳтиёткорона муносабатда бўлмаётганликлари, фирибгарлар тузоғига тушиб қолишларига эса ишонувчанлиги сабаб бўлаётганлиги кескин танқид остига олинди.
Муҳокама якунида мазкур жиноятнинг келиб чиқиш сабаблари ва унинг салбий оқибатларини бу жойда иштирок этганларнинг барчаси оила аъзолари, қариндош уруғлари ҳамда таниш-билишларига ибрат олиш мақсадида етказишлари кераклиги айтилиб, бу борада тегишли мутасаддиларга муҳим чора-тадбирлар юклатилди.
Андижон вилояти ИИБ Ахборот хизмати