Пахтаобод туманида содир этилган жиноят сабаблари юзасидан кенг жамоатчилик иштирокида муҳокама йиғилиши ўтказилди
Пахтаобод туманининг Дурдиёр маҳалласида содир этилган қотиллик жинояти юзасидан Андижон вилояти ИИБ бошлиғининг ўринбосари подполковник Исомиддин Исманов ҳамда Ўзбекистон Маҳаллалари уюшмаси Андижон вилояти бошқармаси бошлиғи Муҳаммаджон Нишонов иштирокида муҳокама йиғилиши ўтказилди.
Унда сектор раҳбарлари, "маҳалла еттилиги" аъзолари ва фаоллари, нуронийлар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Сўз олганлар томонидан содир этилган нохуш ҳолат сабаблари ва унинг оқибатлари жамоатчиликка атрофлича етказилди. Шунингдек, кичик низоларга ва ўзаро тортишувларга гувоҳ бўлаётган пайтда атрофдагиларнинг мажбуриятлари, тинчликни сақлаш олдидаги вазифалари, зудлик билан ўша ҳудудда хизмат олиб бораётган профилактика инспекторига хабар қилиш ҳамда бошқа бир қанча мавзуларда сўз юритилди.
Бундан ташқари, бошқа бир инсонга қасддан зарар етказишнинг гуноҳи оғир эканлиги, икки ёки ундан кўпроқ инсонлар орасида низо чиқишини ташқаридан била туриб, бунга бефарқ бўлиш ҳам катта айб саналиши ҳақида атрофлича сўз олиб борилди. Маҳалла еттилиги аъзолари ҳам ушбу ҳолат борасида ўзларининг фикр мулоҳазаларини билдиришиб, келгусида бундай ҳолатлар такрорланмаслиги учун бор имкониятлари билан ҳаракат қилишларини таъкидлаб ўтишди.
Муҳокама якунида содир этилган қотиллик жиноятнинг келиб чиқиш сабаблари ва унинг салбий оқибатларини бу жойда иштирок этганларнинг барчаси оила аъзолари, қариндош уруғлари ҳамда таниш-билишларига ибрат олиш мақсадида етказишлари кераклиги айтилиб, бу борада тегишли мутасаддиларга муҳим чора-тадбирлар белгилаб берилди.
Андижон вилояти ИИБ Ахборот хизмати