Сохта авиачипталар сотган фуқарога нисбатан жиноят иши қўзғатилди
2021 йилнинг 01 май куни ижтимоий тармоқларда “Soxta bilet bilan fuqarolarni aldagan aviakassa” сарлавҳаси билан бир гуруҳ фуқароларнинг видеомурожаати тарқалди. Ушбу видеомурожаатда акс этган ҳолатлар бўйича Андижон вилояти ИИБ масъул ходимлари томонидан атрофлича ўрганиш ишлари олиб борилди.
Аниқланишича, Марҳамат туманида яшовчи фуқаро М.А туманнинг Наврўз МФЙ ўрамида жойлашган савдо марказларининг бирида “Авиакасса” ташкил қилиб, ушбу авиакасса орқали Россия Федерациясига кетиш истагида бўлган бир гуруҳ фуқароларга ҳақиқий бўлмаган сохта авиачипталарни сотган.
Хусусан, фуқаро М.А 2021 йилнинг март ва апрел ойлари давомида 13 нафар фуқарога уларнинг Россия Федерациясига боришлари учун сохта бўлган авиачипталарни сотиб, жами 16 680 АҚШ доллари миқдоридаги пулларни фирибгарлик йўли билан қўлга киритган ва олинган пулларни шахсий эҳтиёжи йўлида сарфлаб юборган.
Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 168-моддаси 3-қисми “б” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
Андижон вилояти ИИБ Ахборот хизмати