5 Июл 2020 йил 2410

“Яна Андижон! Яширин радарни аниқлаган фуқаролар ИИБ тазйиғига учрагани айтилмоқда”сарлавҳаси остида жойланган видеомурожаат бўйича расмий муносабат

2020 йилнинг 4 июль куни ижтимоий тармоқларда  “Яна Андижон! Яширин радарни аниқлаган фуқаролар ИИБ тазйиғига учрагани айтилмоқда” сарлавҳаси остида бир аёлнинг видеомурожати бўйича хабар тарқалди.

Ушбу хабарда Андижон вилояти Асака тумани ИИБ ходимлари ҳомиладор аёлни мақсадсиз ушлаб тургани ва бир неча кундан бери сарсон қилаётгани ҳақида сўз боради. Мазкур ҳолат Андижон вилояти ИИБнинг масъул ходимлари томонидан атрофлича ўрганиб чиқилди.

Маълум бўлишича,  2020 йилнинг 02 июль куни соат 17:00 ларда фуқаро Х.М “Малибу” русумли автомашинасини бошқариб, Асака тумани Шўрқишлоқ маҳалласи худудидан ўтган “Андижон-Тошкент” транспорт қатнов йўлида “Андижон” йўналиши бўйича ҳаракатланиб кетаётиб, транспорт қатнов йўлини “Андижон” йўналиши бўйича йўл четига хизматда фойдаланиш учун қўйилган  вилоят ИИБ ЙҲХБга тегишли бўлган “Autocon-SС/М” русумли кўчма фоторадар қурилмасини кўриб қолган. Фуқаро ушбу фоторадар қурилмаси олдига тўхтаган ва автомашина олди йўловчи ўриндиғида бўлган турмуш ўртоғи Х.Ж билан бирга автомашинасидан тушишиб, ўзбошимчалик билан фоторадар қурилмасини турган жойидан олишиб, ўзларининг бошқарувидаги автомашина орқа юкхонасига юклашган. Ушбу қурилмани олиб кетишаётган вақтида вилоят ЙҲХБ ходимлари томонидан тўхтатилиб, фуқаро Х.М.нинг бошқарувида бўлган “Малибу” русумли автомашина юк хонасидан  бир дона “Autocon-SС/М” русумли кўчма фоторадар холислар иштирокида баённома орқали олинган.

Мазкур ҳолат юзасидан Андижон вилояти ИИБ ЙҲХБ ЙПХО 3-сафарбарлик гуруҳи ЙПХ инспектори Б.Каримовнинг Асака тумани ИИБ бошлиғи номига ёзган билдиргиси туман ИИБнинг Навбатчилик қисмидаги жиноят ҳақидаги ҳодиса ва хабарларни рўйхатга олиш 2-Шакл журналидан 02.07.2020 йил куни 451-рақам билан қайд этилиб, ҳодиса жойига тергов-тезкор гуруҳи томонидан чиқилган ва ҳодиса жойи кўздан кечирилиб, тегишли тартибда расмийлаштирилган.

Ушбу ҳолат бўйича фуқаролар  Х.М  ва  Х.Ж.лар тиббий кўрикдан ўтказилганида, Х.Ж спиртли ичимликдан маст ҳолда эканлиги аниқланган. Фоторадарнинг олиб кетилганлиги ҳолатига ҳуқуқий баҳо беришлик ҳамда қонуний қарор қабул қилингунга қадар “Малибу” русумли  автомашинаси белгиланган тартибда далолатнома асосида Асака тумани ИИБ ЙҲХБ жарима майдонига вақтинча сақлаб туришлик учун олиб кирилган. Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Асака тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

 

Андижон вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech