2022 йилнинг 1 январидан ИД-карта ва хорижга чиқиш биометрик паспортини Давлат хизматлари марказлари орқали ҳам олиш мумкин бўлади
Давлатимиз раҳбари томонидан жорий йилнинг 24 июль куни имзоланган “Давлат хизматлари кўрсатиш инфратузилмасини такомиллаштириш ва аҳолининг давлат хизматларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонга кўра, 2022 йилнинг 1 январидан бошлаб ИД-карта ва хорижга чиқиш паспортини нафақат туман (шаҳар) ИИБ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимлари билан балки Давлат хизматлари марказлари орқали ҳам олишлари мумкин.
Шу муносабат билан Андижон шаҳридаги Абу Али ибн Сино номидаги Жамоат саломатлиги техникумида Давлат хизматлари агентлиги ҳамда Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш вилоят бошқармалари хамкорликда ўқув семинар ўтказди.
Унда туман, шаҳар ИИБ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимлари ҳамда Давлат хизматлари марказлари ходимлари иштирок этишди.
Семинарда Президент фармони мазмун моҳияти, ИД-картасини хамда Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг хорижга чиқиш биометрик паспортини расмийлаштириш ва бериш тартиблари бўйича тушунчалар берилди. Шунингдек, иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларига малакали мутахассислардан жавоб олдилар.
Андижон вилояти ИИБ Ахборот хизмати