"30 июнь-Ёшлар куни" муносабати билан Андижон шаҳридаги Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги вилоят мусиқали драма театрида ИИВ фахрийси генерал-майор Т.С.Муродходжаев иштирокида уч авлод учрашуви бўлиб ўтди
"30 июнь-Ёшлар куни" муносабати билан Андижон шаҳридаги Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги вилоят мусиқали драма театрида Ўзбекистон Республикаси ИИВ фахрийси, кўп йиллар давомида Андижон вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи лавозимида самарали хизмат олиб борган генерал-майор Муродходжаев Тельман Салоҳиддинович иштирокида уч авлод учрашуви ўтказилди.
Тадбирда ички ишлар органларида хизмат қилаётган ёш ходимлар,ИИВ Андижон Академик лицейи ўқувчилари, барча шаҳар ва туман ички ишлар бўлимлари фахрийлар кенгаши раислари ва узоқ йиллар шу соҳада самарали хизмат қилган фахрийлар иштирок этди.
Ўтказилган маънавий-маърифий тадбирни Андижон вилояти ИИБ бошлиғи ўринбосари подполковник А.Т.Рахманов кириш сўзи билан очиб, халқимиз учун муқаддас ва бебаҳо бўлган тинчлик-осойишталикни таъминлашда кўпни кўрган инсонлар, кекса авлод вакилларининг устозларча маслаҳат ва йўл-йўриқлари ғоят муҳим аҳамият касб этишини таъкидлаб ўтди. Шундан сўнг,Ўзбекистон Республикаси ИИВ фахрийси генерал-майор Муродходжаев Тельман Салоҳиддинович ўзининг хизмат ва ҳаёт тажрибалари билан яқиндан ўртоқлашди. Тадбирда Ўзбекистон Халқ артисти Эркин Комилов ҳам иштирок этиб ёш ходимлар ва кекса авлод вакиллари билан дилдан суҳбат қурди. Уларни қизиқтирган саволларига атрофлича жавоблар қайтарди. Ўтказилган тадбир якунида бир гуруҳ фахрийлар ва академик лицей ўқувчиларига ташаккурномалар, Андижон вилояти ички ишлар органларида хизмат олиб бораётган 22 нафар ёш ходимларга эса моддий ёрдам пуллари тантанали равишда топширилди.
Бир сўз билан айтганда бўлиб ўтган уч авлод учрашуви барчада улкан таассуротлар қолдирди.
Андижон вилояти ИИБ Ахборот хизмати