"Аёл киши тепаликка чиқиб олиб эримни қўйиб юборасанлар ёки ўзимни пастга ташлайман деятгани" сарлавҳали видеотасвир юзасидан
Ижтимоий тармоқларда 2021 йил 19 февраль куни "Аёл киши тепаликка чиқиб олиб эримни қўйиб юборасанлар ёки ўзимни пастга ташлайман деятгани" сарлавҳаси билан видеотасвир тарқалди. Ушбу видеотасвирда акс этган ҳолатлар юзасидан Андижон вилояти ИИБ масъул ходимлари томонидан атрофлича ўрганиш ишлари олиб борилди.
Аниқланишича, Шаҳрихон туман ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан фуқаро М.К.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 226-моддаси 1-қисми билан қўзғатилган жиноят иши бўйича тергов ҳаракатлари ўтказиш мақсадида 2021 йилнинг 19 февраль куни ушбу шахс туман ИИБга чақирилган.
У билан боғлиқ тергов ҳаракатлари олиб борилаётган вақтда, унинг турмуш ўртоғи В.М ўзининг эътирозларини маълум қилиш учун туман ИИБда мавжуд бўлган сув қудуғининг устига чиқиб олган.
Олиб борилган тушунтириш ишлари натижасида М.К.нинг турмуш ўртоғи В.М сув қудуғининг устидан пастга туширилиб, уларнинг яшаш уйига кетишлари таъминланган. Ҳозирда М.К.га нисбатан қўзғатилган жиноят иши бўйича тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
Андижон вилояти ИИБ Ахборот хизмати