15 Апрел 2022 йил 591

Андижон туманида пайшанба “Профилактика куни” муносабати билан жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларни олдини олишга қаратилган тадбирлар бўлиб ўтди

Ҳафтанинг пайшанба куни ҳуқуқбузарликлар профилактикаси куни. Нафақат бу кунда балки, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларни олдини олиш ҳар лаҳзада ҳушёрликни талаб этади. Эрта тонгдан Андижон тумани ички ишлар тизимининг соҳавий хизмат ходимлари ҳамда ҳамкор ташкилотлар вакиллари профилактика кунини намунали ўтказиш мақсадида барча ўзига берилган вазифаларни амалга ошириш учун хизматни бошлашди.

Тадбир давомида Андижон тумани ИИБ бошлиғи ташаббуси билан ҳуқуқбузарлик содир этишга мойил бўлган, муқаддам судланган ва Пробация ҳисобида турувчи шахсларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида меҳнат ярмаркаси ташкил қилинди. Ўтказилган меҳнат ярмаркасида уларнинг 14 нафари доимий иш билан таъминланди.

Шунингдек, Андижон тумани Саноат маҳалласида яшовчи 2 нафар кам таъминланган оилаларга моддий ёрдамлар кўрсатилган бўлса, ушбу маҳаллада истиқомат қилувчи яна 2 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож аёлга  тиббий муолажалар кўрсатилиб, керакли дори дармонлар етказиб берилди.

Саноат маҳалласида жойлашган 33-умумий ўрта таълим мактабининг юқори синф ўқувчилари иштирокида вояга етмаганлар ўртасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларни олдини олиш юзасидан давра суҳбати ўтказилди. Унда гиёҳвандликнинг аянчли оқибатлари акс эттирилган таъсирчан видеоролик намойиш қилиниб,ўқувчилар огоҳликка чақирилди.  

Ҳайдовчилар ва кенг жамоатчилик вакиллари билан содир этилиши мумкин бўлган йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олишга қаратилган муҳокама йиғилишлари ҳам ўтказилиб, бир сонияга ҳушёрликни йўқотиш қандай кўнгилсиз ҳолатларга олиб келганлиги ҳаётий мисоллар орқали тушунтирилди. 

Бундан ташқари, тадбирлар давомида 2 нафар аёлларга ҳимоя ордерлари берилиб, яна 2 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган аёл доимий иш жойига эга бўлди.

Султонобод маҳалласида жойлашган “Куйган-ёр деҳқон бозори” ҳудудида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олиш юзасидан тарғибот ва ташвиқот ишлари ҳам олиб борилиб, фуқаролар ҳушёрлик ва огоҳликка чақирилди.

“Профилактика куни” доирасида ўтказилаётган тадбирлардан кўзланган асосий мақсад жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олишдир. Бу каби профилактик тадбирлар давом эттирилмоқда.

 

Андижон вилояти ИИБ Ахборот хизмати

 

Text to speech