Андижон туманида содир этилган қотиллик жинояти юзасидан кенг жамоатчилик иштирокида муҳокама йиғилиши ўтказилди
Жорий йилнинг 7 сентябрь куни Андижон тумани Жаҳонобод МФЙда содир этилган қотиллик жинояти юзасидан Андижон вилояти прокурори Ғ.С.Фозилов ва Андижон вилояти ИИБ бошлиғи А.Т.Рахматуллаевлар бошчилигида муҳокама йиғилиши ўтказилди. Унда туман ҳокимлиги масъуллари, ИИБ ходимлари, имом-хатиблар, маҳалла фаоллари, нуронийлар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Муҳокамада ушбу жиноятнинг келиб чиқиш сабаблари туб илдизигача таҳлил қилинди. Жумладан, оддий келишмовчиликлар оғир жиноятларга сабаб бўлаётгани, бунда жойлардаги мутасаддилар шу йўналишда етарлича иш олиб бормаётганини кескин танқид остига олинди. Шунингдек, бу каби мудхуш жиноят учун қонунчилигимизда белгиланган қатъий жазо чоралари қўлланилиши, жиноятга жазо муқаррарлиги алоҳида таъкидлаб ўтилди.
Шунингдек, аксарият маҳаллаларда қўни-қўшнилар, қариндош-уруғларнинг атрофида бўлаётган воқеа-ҳодисаларга бефарқлик билан қараб, кўриб-кўрмасликга олаётганликлари, бўлаётан ҳолатларга ўзларининг муносабатларини билдирмаётганликлари кескин қораланди.
Муҳокамада иштирок этган фуқаролар ҳам содир этилган бу аянчли ҳолат бўйича ўз муносабатларини очиқ ойдин баён этдилар.
Хусусан, бошқа бир инсонга қасддан зарар етказишнинг гуноҳи оғир эканлиги, икки ёки ундан кўпроқ инсонлар орасида низо чиқишини ташқаридан била туриб, бунга бефарқ бўлиш ҳам катта айб саналиши ҳақида атрофлича сўз олиб борилди.
Муҳокама якунида мазкур жиноятнинг келиб чиқиш сабаблари ва унинг салбий оқибатларини бу жойда иштирок этганларнинг барчаси оила аъзолари, қариндош уруғлари ҳамда таниш-билишларига ибрат олиш мақсадида етказишлари кераклиги айтилиб, бу борада тегишли мутасаддиларга муҳим чора-тадбирлар белгилаб берилди.
Андижон вилояти ИИБ Ахборот хизмати