25 Феврал 2023 йил 341

Андижон вилояти  ички ишлар бошқармасида “Таълим ва ахборот технологиялари соҳаси истиқболи" мавзусида навбатдаги “Маънавият ва маърифат” дарси бўлиб ўтди

Жорий йилнинг 25 февраль куни Андижон вилояти ИИБда бошқарма шахсий аппарати учун навбатдаги “Маънавият ва маърифат” дарси ўтказилди.  

Дастлаб, “Таълим ва ахборот технологиялари соҳаси истиқболи” мавзусида Андижон давлат университети,  ахборот технологиялари кафедраси мудири Ўринов Нодирбек Тохиржоновичнинг маърузаси тингланди.

Унда бугунги кунда  ахборот технологиялари имкониятидан кенг фойдаланиш, соҳани рақамлаштириш устувор вазифалардан бири бўлиб қолаётганлиги таъкидланди. 

Хусусан, авваллари ота-она фарзандини мактабгача таълим ташкилотига жойлаштириш учун кўплаб  оворагарчиликларга  дуч келган бўлса, бугун бола электрон рўйхатга олинаётганлиги, яқин кунларда умумий ўрта маълумот тўғрисидаги шаҳодатномаларнинг ҳам электрон шаклда берилиши, яъни  9 ва 11-синф битирувчилари шаҳодатномани электрон платформадан шахсини тасдиқловчи ҳужжатлар тўғрисидаги маълумотларни киритиш орқали бепул юклаб олишлари юзасидан ҳам батафсил маълумотлар берилиб,    буларнинг ҳаммаси таълим соҳасига жорий этилаётган ахборот технологиялари самараси эканлиги эътироф этилди.

Шунингдек,  ички ишлар тизимига жорий этилаётган Ахборот технологиялари бўйича ҳам атрофлича суҳбат олиб борилиб, соҳани рақамлаштириш борасидаги ютуқ ва камчиликлар ўртага ташланди. Ходимларнинг қизиқтирган саволларига мутахассис томонидан  жавоблар берилди.

Бундан ташқари, ходимларнинг хизмат интизоми ва қонунчиликка риоя қилишлари бўйича ҳам атрофлича сўз юритилиб, Андижон вилояти ички ишлар органлари ходимларига пора беришга уринган шахсларнинг қўлга олинганли тафсилотларига бағишланган видеолавҳа шахсий таркиб эътиборига ҳавола қилинди.

“Маънавият ва маърифат” дарси сўнгида “Ўзбекистон-24” телеканали орқали эфирга узатилган “Таҳлилнома” кўрсатуви   ҳам шахсий таркиб эътиборига намойиш этилди.

 Андижон вилояти ИИБ Ахборот хизмати

 

 

Text to speech