Андижон вилояти ички ишлар органлари ходимлари ўртасида хизмат ва ижро интизомини мустаҳкамлашга қаратилган учрашувлар ташкил этилмоқда
Андижон вилояти ИИБ Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш хизмати ҳамда ИИВ Шахсий хавфсизлик бош бошқармаси Андижон вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан ходимлар ўртасида хизмат ва ижро интизомини мустаҳкамлаш, қонунбузилиш ҳолатларини олдини олиш мақсадида учрашувлар ташкил этиб келинмоқда.
Жумладан, жорий йилнинг 18-19 ноябрь кунлари Андижон, Избоскан, Балиқчи, Пахтаобод ҳамда Улуғнор тумани ИИБларида барча шахсий таркиб билан йиғилишлар ташкил этилди.
Хусусан, Андижон тумани ҳокимлик биносининг мажлислар залида ўтказилган йиғилишда Андижон вилояти ИИБ маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш хизмати бошлиғи полковник А.Имяминов сўз олиб, хизмат ва ижро интизомини мустаҳкамлашда ҳар бир бўғин раҳбарлари масъул эканлиги, ҳар бир қонунбузилиш ҳолатлари фавқулодда ҳодиса сифатида баҳоланишини айтиб ўтди. Шундан сўнг, сўз олган ИИВ Шахсий хавфсизлик бош бошқармаси Андижон вилояти бўйича бошқармаси бошлиғи подполковник А.Фурқатов ҳар бир ходимнинг ижтимоий ҳимояланганлиги, хизматни қонун нормалари асосида олиб борган ходимлар доимо юқори натижаларга эришиб келиши ҳақида ўз фикрларини билдириб ўтди.
Тадбир якунида хизматдаги намунали ҳулқи билан ҳамкасбларига алоҳида ўрнак бўлиб келаётган бир гуруҳ ходимларнинг ота-оналарига бошқарма бошлиғининг эсдалик совғалари ҳамда ташаккурномалари топширилди.
Ҳозирда бу борадаги профилактик тадбирлар давом эттирилмоқда.
Андижон вилояти ИИБ Ахборот хизмати