Андижон вилояти ички ишлар органлари ходимлари ва уларнинг оила аъзолари иштирокида “Отам, онам ва мен-спортчилар оиласи” шиори остида спорт мусобақаси ўтказилди
Жорий йилнинг 30 март куни Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири ҳамда Андижон вилояти ИИБ бошлиғининг тегишли буйруқларига асосан вилоят ички ишлар бошқармаси ва унинг қуйи тизимларида хизмат қилаётган ходимларнинг оила аъзолари ўртасида “отам-онам ва мен спортчилар оиласи” шиори остида кўпкураш спорт мусобақаси ўтказилди.
Ўтказилган спорт мусобақасида Андижон вилояти ички ишлар бошқармаси, Андижон шаҳри бўйича ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси ҳамда шаҳар-туман ички ишлар бўлимларидан 30 дан ортиқ спортчи оилалар иштирок этди. Мусобақа шартларига асосан дастлаб қувноқ стартлар, эстафета, арқон тортиш ва арғимчоқда сакраш турлари бўйича беллашилди.
Мусобақа якунига кўра фахрли учинчи ўринни Андижон шаҳри бўйича ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармасининг Шоядбек Мамажоновлар оиласи қўлга киритган бўлса, иккинчи ўрин эса Балиқчи тумани ички ишлар бўлимининг Бегзод Хўжамовлар оиласига насиб этди. Мутлақ ғолибликка Жалақудуқ тумани ички ишлар бўлимининг Ихтиёржон Эгамовлар оиласи муносиб деб топилди.
Мусобақа якунида барча иштирокчиларга эсдалик совғалари тантанали равишда топширилди.
Ушбу ўтказилган мусобақа ички ишлар органларида хизмат қилаётган оилалар ўртасида соғлом муҳитни шакллантириш ҳамда спортни кенг оммалаштиришга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
Андижон вилояти ИИБ Ахборот хизмати