Андижон вилояти ички ишлар органларида хизмат қилаётган ёш ходимлар ўртасида “Заковат” интеллектуал ўйинлари ўтказилди
Андижон вилояти ички ишлар органларида хизмат қилаётган ёш ходимларнинг интеллектуал ва профессионал билим даражасини, маънавий-ахлоқий савиясини мунтазам равишда ошириб бориш ҳамда уларнинг “Ватанга ва халққа хизмат қилиш – энг олий саодат” концептуал ғояси асосида фаолият олиб боришларини таъминлаш мақсадида 8 декабрь Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 29 йиллиги муносабати билан ёш ходимлар ўртасида “Заковат” интеллектуал ўйинлари ўтказилди. Зукко, билимдон ва интеллектуал салоҳиятга эга бўлган йигит-қизлар “Заковат” савол-жавобларида ўз маҳоратларини намойиш этиб, билимларини синовдан ўтказдилар.
Барча шаҳар-туман ИИБларининг жамоалари иштирок этган баҳс якунига кўра Балиқчи тумани ИИБнинг ёшлар жамоаси фахрли биринчи ўринни эгаллаб, мусобақа ғолиблигини қўлга киритди. Андижон шаҳар бўйича ИИОФМБ ҳамда Асака тумани ИИБнинг ёшлар жамоалари фахрли иккинчи ва учинчи ўринларни эгаллади. Ғолиблар эсдалик совғалари ҳамда дипломлар билан тақдирландилар.
Мазкур интеллектуал ўйинларни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад, вилоят ички ишлар органларида хизмат қилаётган ходимларнинг интеллектуал ва профессионал билим даражаси, маънавий-ахлоқий савиясини мунтазам равишда ошириб боришдир. Шунингдек, бу борада билимли ва салоҳиятли ходимларга иқтидорини намоён этишлари учун етарлича шарт-шароитлар яратиш,уларни муносиб рағбатлантириш, ходимларда илмни қадрлашга, китоб мутолааси билан кўпроқ шуғулланишга ва билим олишга интилишлари каби тушунчаларни мустаҳкамлашдан иборатдир.
Андижон вилояти ИИБ Ахборот хизмати