Андижон вилояти ички ишлар органларининг малакали ходимлари томонидан вилоятдаги 767 та мактабларда ўқувчилар ўртасида жиноят ва ҳуқуқбузарликларни олдини олиш ҳамда уларни касбга йўналтириш бўйича профилактик ишлар олиб борилмоқда
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 28 январдаги “2022 - 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида”ги Фармони ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида 2022 йил 28 январь куни “Мактаб таълимини ривожлантириш масалалари” бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида берган топшириқлари ижросини таъминлаш мақсадида Андижон вилояти ички ишлар органлари ходимлари томонидан қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, Андижон вилояти ИИБ раҳбариятининг ташаббуси билан умумтаълим мактабларида ҳуқуқбузарликлар ва жиноятлар профилактикасини таъминлаш, вояга етмаганлар ва ёшлар ўртасида жиноятчиликка қарши курашиш, мафкуравий хуружларга қарши миллий ғоя асосида биргаликда курашиш каби эзгу мақсадлар ҳамда мактаб ўқувчиларини Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялаш, ўқувчиларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш, қўшимча фан, санъат тўгараклари ва спорт тадбирларини ташкил этиш мақсадида вилоят Халқ таълими бошқармаси билан “Ўзаро ҳамкорлик Меморандуми” имзоланди.
Шу билан бирга, вилоят ИИБ ҳамда шаҳар-туман ИИБларида хизмат олиб бораётган малакали офицер ходимлар вилоятдаги 767 та мактабларга бириктирилиб, улар томонидан ҳар ҳафтада таълим муассасаларида ўқувчилар билан педагогик жамоа ҳамкорлигида “Менинг мактабимда жиноят бўлмаслиги керак”, “Юрт посбони”, “Келажак - ёшлар қўлида”, “Гиёхвандлик - аср вабоси”, “Биз терроризмга қаршимиз” каби мавзуларда жиноят ва ҳуқуқбузарликларни олдини олиш, касбга йўналтириш бўйича давра суҳбатлари ҳамда профилактик-огоҳлантирув тадбирлари ўтказилмоқда.
Шунингдек, таълим муассасаларида “Хавфсиз йўл ва хавфсиз пиёда” тамойили асосида вояга етмаганлар иштирокидаги йўл-трнанспорт ҳодисаларини олдини олиш, ўқувчиларнинг йўл ҳаракати қоидалари бўйича билим ва савияларини юксалтиришга қаратилган ўқув-кўргазмали машғулотлар ҳам ташкил қилинмоқда.
Ҳозирда бу каби профилактик тадбирларнинг ўтказилиши давом эттирилмоқда.
Андижон вилояти ИИБ Ахборот хизмати