Андижон вилояти ИИБ бошлиғи Асака туманида фуқароларнинг мурожаатларини ўрганиш ва ҳал этиш юзасидан сайёр қабул ўтказди
Хабарингиз бор Андижон вилояти ИИБ бошлиғи, полковник А.Т.Рахматуллаев томонидан жойларда сайёр қабуллар ўтказиш орқали фуқароларнинг мурожаатларини ўрганиш ва ҳал этиш ишлари олиб борилмоқда. Бу галги сайёр қабул вилоятнинг Асака тумани, Навоий маҳалла фуқаролар йиғини аҳолиси учун бўлиб ўтди.
Мазкур сайёр қабулга ички ишлар органлари ходимлари, тумандаги бошқа мутасадди ташкилотларнинг раҳбарлари жалб этилди.
Қабул давомида фуқаролар томонидан келиб тушган 39 турли масалалардаги мурожаатлар кўриб чиқилди. Тадбиркорлик фаолиятини кенгайтириш учун кредит олиш, ишга жойлашиш, даволаниш учун моддий ёрдам ва ордер ажратиш, электр симлари қўйиб бериш, пробация ҳисобидаги шахсларни жазодан муддатидан олдин шартли озод қилиш, Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини тасдиқловчи ID карта расмийлаштириш ҳамда бошқа бир қатор масалалар шулар жумласидандир.
Мазкур мурожаатларнинг 18 таси жойида ижобий ҳал этилиб, қолган 21 таси тегишли тартибда ижрога йўналтирилди.
Сайёр қабул давомида 3 нафар шахсга Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини тасдиқловчи ID карталари бошқарма бошлиғи томонидан тантанали равишда топширилди.
Мурожаатлар қўшимча ўрганиш ва қонуний қарор қабул қилиш учун юритувга олиниб, уларни ҳал этиш бўйича тегишли соҳавий хизмат раҳбарларига зарурий кўрсатма ва топшириқлар берилиб, ижроси алоҳида назоратга олинди.
Андижон вилояти ИИБ Ахборот хизмати