15 Декабр 2021 йил 701

Андижон вилояти ИИБ бошлиғи Бўстон туманида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари юзасидан сайёр қабул ўтказди

Бугун юртимизда халқ билан мулоқотнинг очиқ ва самарали механизмлари ҳаётга татбиқ этилмоқда. Натижада юртдошларимизни ўйлантираётган муаммолар чуқур ўрганилиб, уларнинг ечимига кенг йўл очиляпти.

Жорий йилнинг 9 декабрь куни Андижон вилояти ИИБ бошлиғи полковник А.Т.Рахматуллаев томонидан Бўстон тумани ҳокимлиги мажлислар залида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари юзасидан ўтказилган сайёр қабулда ҳам аҳоли муаммолари чуқур ўрганилиб, уларнинг аксариятига амалий ечим топилди.

Сайёр қабулда фуқаролар томонидан келиб тушган 40 дан ортиқ мурожаатлар тингланиб, уларнинг масалалари тегишли мутасадди ташкилотлар раҳбарлари иштирокида кўриб чиқилди. Ишга жойлашиш, ўқиш учун контракт тўловларини тўлаш, моддий ёрдам кўрсатиш, Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги паспортини олиш ҳамда бошқа турли масалаларда келиб тушган кўплаб мурожаатлар жойида ижобий ҳал этилди.

Хусусан, 3 нафар ёшларга контракт тўлови ва яна 2 нафарига муддатли ҳарбий хизмат тўлови учун сертификатлар, шунингдек, 5 нафар ўғил-қизларга Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини тасдиқловчи ID-карталари топширилди.

Шунингдек, муддат талаб қиладиган муаммоларнинг бартараф этилиши юзасидан тегишли мутасадди ташкилотларга бир қатор вазифалар белгилаб берилди.

 

Андижон вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech