12 Июл 2022 йил 380

Андижон вилояти ИИБ бошлиғи Бўстон ва Асака туманларида уюшмаган ёшлар билан учрашувлар ўтказди

Ёшлар муаммоларини тинглаш, уларнинг таклиф ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш мақсадида бугунги кунда юртимизда кенг кўламли амалий ишлар олиб борилмоқда.

Шу жумладан, барча даражадаги раҳбарлар ёшлар соҳасини ўз кун тартибидаги бош вазифа сифатида белгилаган ҳолда, мамлакатимизнинг барча ҳудудларида, маҳалла ва қишлоқларда ёшлар билан учрашувлар ташкил этишиб, уларнинг ўз мақсад ва интилишлари йўлидаги тўсиқларни бартараф этишга кўмаклашмоқдалар.

Жорий йилнинг 11 июль куни Андижон вилояти ИИБ бошлиғи полковник А.Т.Рахматуллаевнинг Бўстон ва Асака туманларида уюшмаган ёшлар билан бўлиб ўтган учрашувлари ана шундай эзгу мақсадга қаратилди.

Дастлаб Бўстон туманида ташкил этилган учрашувда туман ҳокими С.Носирова, сектор раҳбарлари ҳамда ташкилот-муассасаларнинг мутасаддилари иштирок этдилар.

Ёшларнинг муаммо ва таклифлари бўйича бирма-бир суҳбатлашилди, улар асосан банклардан таълим кредит олиш, ишга жойлашиш, ўз бизнесларини йўлга қўйиш ва бошқа масалалар бўйича мурожаат қилдилар.

Ёшларнинг муаммолари тингланиб, уларни ижобий ҳал қилиш юзасидан зарур чора-тадбирлар белгиланди ва учрашув сўнгида биринчи бор паспорт олаётган ёшларга Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини тасдиқловчи ID карталари тантанали равишда топширилди.

Куннинг иккинчи ярмида Асака туманида ўтказилган худди шу каби учрашувда ёшларнинг турли масалалардаги мурожаатлари тингланиб, уларга амалий ечимлар топилди.

 

Андижон вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech