Андижон вилояти ИИБ бошлиғи бу гал Балиқчи туманида сайёр қабул ўтказди
Андижон вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи полковник А.Т.Рахматуллаев Балиқчи тумани «Уч булоқ» зиёратгоҳида «Аралхон» МФЙ аҳолисининг мурожаатларини тинглади.
Бўлиб ўтган сайёр қабулда жами 31 нафар фуқаролар қабул қилиниб, 32 та турли масалалардаги мурожаатлар кўриб чиқилди.
Мурожаатларнинг 11 таси тадбиркорлик фаолиятини кенгайтириш учун кредит олиш, 6 таси Ўзбекистон Республикаси фуқаролик паспортини расмийлаштириш масалаларида, 1 таси ички ишлар идораларига ишга кириш, 3 таси уй-жой қурилиши учун моддий ёрдам бериш, 1 таси йўлларни шағаллаштириш ҳамда ичимлик суви муаммоси, 10 таси бошқа масалалар бўйича мурожаатлар қабул қилинди.
Мурожаат қилган фуқаролардан 15 таси жойида ижобий ҳал этилган бўлса, қолган 17 таси тегишли тартибда ижрога йўналтирилди.
Жумладан, 4 нафар фуқароларга Балиқчи тумани «Яккатол» МФЙ Қайнар булоқ кўчасида яшовчи Акромова Нилуфарга, «Яккатол» МФЙ Қайнар булоқ кўчасида яшовчи Марифова Хилолага, «Аролхон» МФЙ Омилкор кўчасида яшовчи Турсунова Барнога ҳамда «Авесто» МФЙ Қўрғонча кўчасида яшовчи Ботирова Дилраболарга «Чеварчилик» фаолиятини йўлга қўйиш учун тикув машиналари тақдим этилди.
6 нафар фуқароларга Ўзбекистон республикаси фуқаролигини тасдиқловчи ID карталари шаҳсан бошқарма бошлиғи томонидан тантанали равишда топширилди.
Мурожаатлар қўшимча ўрганиш ва қонуний қарор қабул қилиш учун юритувга олиниб, уларни ҳал этиш бўйича тегишли соҳавий хизмат раҳбарларига зарурий кўрсатма ва топшириқлар берилди ҳамда ижроси алоҳида назоратга олинди.
Андижон вилояти ИИБ Ахборот хизмати