25 Август 2022 йил 352

Андижон вилояти ИИБ бошлиғи Булоқбоши туманида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари юзасидан сайёр қабул ўтказди

Халқ билан юзма-юз мулоқотлардан кўзланган асосий мақсад аҳолининг кенг қатлами ичига кириш, уларнинг муаммоларини тинглаш, қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилишдир. Бу каби эзгу ва хайрли ишларни амалга ошириш учун, аввало, одамлар билан мулоқот қилиш, уларнинг дарду ташвишлари, орзу-ниятлари, ҳаётий муаммо ва эҳтиёжларини яхши билиш керак.

Айни шу мақсадда Жорий йилнинг 24 август куни Андижон вилояти ИИБ бошлиғи полковник А.Т.Рахматуллаев Булоқбоши тумани «Шифокор» болалар соғломлаштириш оромгоҳида Сарбонтепа МФЙ аҳолисининг мурожаатларини тинглади.

Сайёр қабулда жами 42 нафар фуқаролар қабул қилиниб, 44 та турли масалалардаги мурожаатлар кўриб чиқилди.

Ишга жойлашиш, соғлиқни сақлаш, моддий ёрдам бериш, имтиёзли кредит олиш, жазосини муддатидан олдин озод қилиш, ичимлик суви тушириш, Ўзбекистон Республикаси фуқаролик паспортини расмийлаштириш ҳамда бошқа турли масалаларда келиб тушган кўплаб мурожаатлар жойида ижобий ҳал этилди.

Жумладан, туманнинг Роҳат кўчасида яшовчи 1947 йилда туғилган Арзиева Саходат Шакировнага ногиронлик аравачаси тақдим этилиб, яна 2 нафар фуқарога соғлигини тиклашлари ва даволанишлари учун шифохонага йўлланмалар берилди.

Бундан ташқари, 5 нафар фуқарога Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини тасдиқловчи “ID” карталари шахсан бошқарма бошлиғи томонидан тантанали равишда топширилди.

Мурожаатлар қўшимча ўрганиш ва қонуний қарор қабул қилиш учун юритувга олиниб, уларни ҳал этиш бўйича тегишли соҳавий хизмат раҳбарларига зарурий кўрсатма ва топшириқлар берилда ва ижроси алоҳида назоратга олинди.

 

Андижон вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech