27 Октябр 2022 йил 391

Андижон вилояти ИИБ бошлиғи Қўрғонтепа туманида фуқароларнинг мурожаатларини ўрганиш ва ҳал этиш юзасидан сайёр қабул ўтказди

Хабарингиз бор Андижон вилояти ИИБ бошлиғи, полковник А.Т.Рахматуллаев томонидан жойларда сайёр қабуллар ўтказиш орқали фуқароларнинг мурожаатларини ўрганиш ва ҳал этиш ишлари олиб борилмоқда. Бу галги сайёр қабул вилоятнинг Қўрғонтепа тумани «Ёртибоши» маҳалла фуқаролар йиғини аҳолиси учун бўлиб ўтди.

Мазкур сайёр қабулга ички ишлар органлари ходимлари, тумандаги бошқа мутасадди ташкилотларнинг раҳбарлари жалб этилди.

Қабул давомида фуқаролар томонидан келиб тушган 29 та мурожаат тингланди. Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини қабул қилиш ва ID карта расмийлаштириш, пробация ҳисобидаги шахсларни жазодан муддатидан олдин шартли озод қилиш, субсидия асосида тикув машинаси бериш, имтиёзли кредит пулларини олиш,  электр симлари қўйиб бериш, контракт пулларини тўлаб бериш, ишга жойлашиш, даволаниш учун моддий ёрдам ва ордер ажратиш ҳамда ичимлик суви масаласи шулар жумласидандир.

Мазкур мурожаатларнинг 19 таси ижобий ҳал этилди. 8 таси вилоят Халқ қабулхонаси орқали тегишлилиги бўйича кўриб чиқиш учун ваколатли давлат органларига юборилди.

Ўтказилган сайёр қабул натижасига кўра 4 нафар пробация ҳисобида турган шахсларни жазодан муддатидан олдин озод қилиш масаласидаги мурожаатлари жойида кўриб чиқилиб тегишли судларга тақдимномалар киритилиши таъминланди. Яна 4 нафар шахсга Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини тасдиқловчи ID карталар жойида расмийлаштириб берилди. Шунингдек, 4 нафар фуқаронинг тикув машинаси ажратиш ҳақидаги мурожаати жойида ижобий ҳал этилди.

Сайёр қабул давомида аҳоли муаммоларини ўрганиш, аниқланган муаммоларни ҳал этиш чораларини кўриш, ҳал этилиши маълум муддатни талаб этадиган ҳолатларда аниқ муддатларни белгилаб, бу ҳақда мурожаатчиларга тушунтиришлар берилди.

 

Андижон вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech