Андижон вилояти ИИБ бошлиғи томонидан Андижон шаҳри 3-сектор ҳудудида яшовчи аҳолининг мурожаатлари тингланди
Фуқароларнинг мурожаатларига доимий эътибор қаратиш жамият ривожи ва юрт тараққиётида муҳим ўрин тутади. Шу боис барча тизимларнинг раҳбарлари аҳоли билан мунтазам мулоқотлар ўтказиб, юртдошларимизни ҳар қандай муаммоларига ўз вақтида ечим топишга ҳаракат қилмоқдалар.
Андижон вилояти ИИБ бошлиғи А.Т.Рахматуллаевнинг Андижон шаҳрининг 3-сектор ҳудудида яшовчи фуқаролари учун навбатдаги сайёр қабули Андижон олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказида бўлиб ўтди.
Сайёр қабул давомида фуқаролар томонидан ижтимоий-иқтисодий ҳамда ички ишлар органлари фаолияти билан боғлиқ 30 дан ортиқ мурожаатлар кўриб чиқилди.
Жараёнда биринчи марта Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини тасдиқловчи ID карта олаётган 5 нафар йигит ва қизга фуқаролик ҳужжати тантанали равишда топширилиб, ёшларга мамлакатимиз равнақи йўлидаги фаолиятларида омадлар тиланди. Шунингдек, мурожаатга кўра 1 нафар фуқарога ногиронлик аравачаси, яна 1 нафар ҳунарманд йигитга ёғочларга ранг бериш дастгоҳи берилди.
Сайёр қабул давомида 6 нафар фуқарога оилавий тадбиркорликларини ривожлантириш мақсадида субсидия асосида асбоб-ускуналар сотиб олишлари учун ваучерлар тақдим этилди.
Шунингдек, пробация ҳисобидаги шахсларни жазодан муддатидан олдин шартли равишда озод қилиш, даволаниш, тиббий кўрикдан ўтиш, моддий ёрдам олиш каби мурожаатларнинг 28 таси жойида ижобий ҳал этилиб, 4 таси тегишли тартибда ижрога йўналтирилди.
Назоратга олинган масалалар юзасидан масъулларга тавсия ва кўрсатмалар берилди.
Андижон вилояти ИИБ Ахборот хизмати