Андижон вилояти ИИБ бошлиғи томонидан олий таълим муассасаларининг талаба-ёшлари билан жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга қаратилган очиқ мулоқот ўтказилди
Юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар давомида ёшларимизга алоҳида эътибор қаратилиб, уларни ижтимоий жиҳатдан шакллантириш, ижодий ва бошқа йўналишдаги салоҳиятини камол топтириш мақсадида қатор ижобий ишлар амалга оширилиб келинмоқда.
Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти этиб сайланганидан кейин имзолаган илк қонун ҳужжати “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни бўлгани ҳам бунга яққол бир мисолдир.
Бугун Андижон давлат университети биносида Андижон вилояти ИИБ бошлиғи полковник А.Т.Рахматуллаев иштирокида вилоятдаги мавжуд 8 та олий таълим муассасаларининг талабалари билан жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш мақсадида очиқ мулоқот ўтказилди.
Унда ички ишлар бошқармаси бошлиғи талаба-ёшлар билан улар орасида содир этилаётган ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар юзасидан сўз юритди.
Талабалар билан очиқ мулоқот давомида ёшлар томонидан содир этилаётган жиноятлар, унга сабаб бўлаётган омиллар юзасидан атрофлича маълумотлар берилди. Шунингдек, бошқарма бошлиғи талаба-ёшларнинг қизиқтирган саволларига ҳам жавоблар бериб, улар томонидан билдирилган таклиф-мулоҳазаларни тинглади.
Тадбир давомида ҳуқуқбузарлик ва жиноятларни олдини олиш бўйича вилоятдаги 8 та олий таълим муассасалари билан ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Очиқ мулоқот сўнгида ҳуқуқий тарғиботларда фаол иштирок этган 15 нафар талаба-ёшлар бошқарма бошлиғи томонидан эсдалик қўл соатлари ҳамда ташаккурномалар билан тақдирландилар.
Андижон вилояти ИИБ Ахборот хизмати