Андижон вилояти ИИБ бошлиғининг ўринбосари ҳамда спортчилар иштирокида фаол ва уюшмаган ёшлар билан учрашув бўлиб ўтди
Мамлакатимиз тараққиёти ҳар томонлама ўсиб-униб келаётган навқирон авлоднинг таълим тарбияси, маънавияти ва маданияти билан чамбарчас боғлиқ. Юртимизда ёшларга қаратилаётган эътибор, ғамхўрлик мамлакатимизда олиб борилаётган сиёсатнинг энг устувор йўналишидир.
Ҳар бир соҳада қўлга киритилаётган марралар, ютуқлар ана шу ғамхўрлик ва қўллаб-қувватлашнинг ёрқин ифодасидир. Ватан тақдирига дахлдор эканлигини ҳис қилиб яшаш ва берилаётган имкониятлардан унумли фойдаланиш ҳар бир Ўзбекистон фарзандининг муқаддас бурчидир.
Шу мақсадда Андижон вилояти ИИБ бошлиғининг ўринбосари Исомиддин Исманов бошчилигида Андижон иқтисодиёт ва қурилиш институтининг мажлислар залида вилоятдаги барча шаҳар-туманларда яшовчи фаол ва уюшмаган ёшлар билан ватанга муҳаббат ва ватанпарварликни ошириш юзасидан машҳур спортчилар билан учрашув бўлиб ўтди.
Мазкур учрашувда бокс бўйича олимпиада чемпиони Мухаммадқодир Абдуллаев ва аралаш жанг спорт тури бўйича жаҳон чемпиони Шохасан Мирзаматовлар иштирок этди.
Спортчилар ўзларининг қандай қилиб муваффақиятга эришганлари, уларни қандай енгиб ўтганликлари тўғрисида гапириб, ёшларга ватанпарварлик, бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш, вақтдан унумли фойдаланиш ва эртанги кун учун ҳаракат қилишлари ҳақида мотивацион мисоллар билан гапириб ўтдилар.
Учрашувда иштирок этаётган ёшлар спортчилар билан мулоқотга киришар экан, ўзлари учун қизиқ бўлган саволларга керакли жавобларни олдилар.
Тадбир сўнгида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликни олдини олишда ички ишлар органлари ходимларига яқиндан ёрдам бериб келаётган 4 нафар ёшларга вазирликнинг қўл соатлари тантанали равишда топширилди. Шунингдек, 30 нафар ёшларга қалқон гуруҳи кўкрак нишони топширилди.
Андижон вилояти ИИБ Ахборот хизмати