Андижон вилояти ИИБ Эксперт-криминалистика маркази томонидан ўғирлик жиноятини содир этган шахс аниқланди
Андижон вилояти Шаҳрихон туманида яшовчи фуқаро О.Х исмли шахс, Шаҳрихон тумани ИИБга ариза билан мурожаат қилиб, 2023 йил 23 февраль куни Шаҳрихон туманида жойлашган, ўзига тегишли бўлган савдо дўконида бошқа харидорлар билан чалғиганидан фойдаланиб, касса столи устидаги сумкасида бўлган 5.195.000 сўм пулларни номаълум шахслар ўғирлаб кетганлигини маълум қилган.
Тезкор қидирув ва суриштирув ишлари мобайнида савдо дўконига ўрнатилган кузатув камерасидан олинган видеотасвир, Андижон вилояти ИИБ ЭКМда мавжуд “Шахсни идентификация қилиш тизими” орқали текширилганида, ушбу ўғирлик жиноятини содир этган фуқаро Андижон вилояти Избоскан туманида яшовчи К.М исмли шахс эканлиги аниқланган. Ҳолат бўйича фуқаро К.Мдан ўғирлаб кетилган ашёвий далиллар холислар иштирокида баённома орқали олинган.
Ҳозирда Шаҳрихон тумани ИИБ Тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 169-моддаси 3-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилган.
Андижон вилояти ИИБ Ахборот хизмати