Андижон вилояти ИИБ ҳамда вилоят ҳокимлиги томонидан хотин-қизлар ўртасида жиноят ва ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олиш бўйича қабул қилинган қўшма дастурга асосан Улуғнор туманида амалий ишлар олиб борилмоқда
Андижон вилояти ҳокими Ш.Абдураҳмонов томонидан 2021 йилнинг 31 декабрь куни тасдиқланган “Андижон вилоятида 2022 йил давомида хотин-қизлар билан янгича ишлаш, уларни қўллаб-қувватлаш, жамият ҳаётидаги фаол иштирокини таъминлаш, оилалардаги ижтимоий-маънавий, руҳий муҳит барқарорлигини мустаҳкамлаш, хотин-қизлар ўртасида жиноят ва ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олиш, тазйиқ ва зўравонликка сабаб бўлаётган омилларни аниқлаш ҳамда бартараф этиш бўйича қўшма дастур” ижросини тўла ва сифатли таъминлаш бўйича жорий йилнинг 6 апрель куни Андижон вилояти ИИБ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси бошлиғининг ўринбосари подполковник Г.Абдувохидова бошчилигидаги вилоят ишчи гуруҳи томонидан Улуғнор тумани мажлислар залида йиғилиш ўтказилди. Унда туман ишчи гуруҳи, маҳалла фуқаролар йиғинлари раисларининг ўринбосарларига қўшма-дастур мазмун-моҳияти, аҳоли ўртасида олиб бориладиган тарғибот ишларини ташкил қилиш, аҳолининг муаммоли қатламлари билан ишлаш юзасидан атрофлича тушунтиришлар берилди.
Шундан сўнг вилоят ишчи гуруҳи томонидан Обод ва Янгиобод маҳаллаларида жойлашган тикувчилик корхоналари кўздан кечирилиб, ўрганишлар жараёнида икки нафар ишсиз аёллар иш билан таъминланди.
Ҳозирда ишчи гуруҳ томонидан қўшма дастурда белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлаш юзасидан амалий ишлар давом эттирилмоқда.
Андижон вилояти ИИБ Ахборот хизмати