Андижон вилояти ИИБ ЖХХ Пробация бошқармаси ташаббуси билан Пахтаобод ва Избоскан туманларида профилактик тадбирлар бўлиб ўтди
Жорий йилнинг 8 июнь куни Пахтаобод ва Избоскан туманларида мазкур профилактик тадбир ташкил этилиб, тадбир давомида 125 нафардан ортиқ Пробация ҳисобида турган, муқаддам оғир ва ўта оғир турдаги жиноят содир этган шахслар билан учрашиб, уларни ижтимоий ҳаётга мослаштириш, бандлигини таъминлаш, энг аввало улар томонидан такрорий жиноятлар содир этилишини барвақт олдини олиш бўйича очиқ мулоқот ҳамда тарбиявий профилактик суҳбатлар ўтказилди.
Шунингдек, ҳар бир суҳбатлашилган маҳкумлардан келгусида тайинланган жазоларни белгиланган тартибда ўташлари, жиноят ва маъмурий ҳуқуқбузарликлар содир этмасликлари, агарда жазо ўташдан қасддан бўйин товлаган тақдирда жазолари оғирроқ турдаги жазоларга алмаштирилиши ҳақида расман огоҳлантирилди.
Учрашувлар давомида, Пахтаобод тумани ИИБ Пробация гуруҳи назоратида туриб, тузалиш йўлига ўтган, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва меҳнатга ҳалол муносабатда бўлиб, тайинланган жазодан ўзига тўғри хулоса чиқариб олган 10 нафардан ортиқ шахсларга инсонпарварлик далолатномалари татбиқ этилиб, ўтказилган «Сайёр суд» жараёнида жазоларидан муддатидан илгари шартли равишда озод қилинди. Шу билан бирга жазодан ўзига тегишли хулоса чиқармасдан, жазо ўташдан қасддан бўйин товлаб келаётган 2 нафар назоратдаги шахсларнинг жазолари оғирроқ турдаги, яъни озодликдан маҳрум қилиш жазосига алмаштирилди.
«Ишга марҳамат» тадбири ташкил этилиб, 7 нафар шахслар доимий иш билан таъминланди ва 11 нафарига йўлланмалар берилди.
Ҳозирда, бу борадаги тарбиявий профилактик тадбирлар вилоят миқёсида давом эттирилмоқда.
Андижон вилояти ИИБ Ахборот хизмати