Андижон вилояти ИИБ ЖХХ Пробация бошқармаси ташаббуси билан пробация ҳисобида турган назорат остидаги шахсларнинг муаммоларини ўрганиш бўйича "Сайёр қабул" ва "Ишга марҳамат" меҳнат ярмаркаси ўтказилди
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 7 ноябрь кунги “Жиноят ижроия қонунчилигини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 4006-сонли қарорига асосан Пробация хизмати ташкил этилган бўлиб, озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазоларга ҳукм қилинганларни назорат қилиш бўйича мутлақо янги тизим жорий қилинди. Хусусан, 2023 йил Давлатимиз раҳбари томонидан “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили” деб эълон қилиниши муносабати билан, жорий йил бошидан Пробация назорати остида туган шахсларга эътиборни кучайтирган ҳолда, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 14 февраль кунги «Ички ишлар органлари Пробация хизмати фаолиятини самарали ташкил этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги 84-сон қарори ижроси юзасидан шаҳар-туман ички ишлар бўлимлари Пробация бўлинмалари ҳисобида турган назорат остидаги шахсларни Қарорда кўрсатилган мутасадди ташкилотлар ва “Ишга марҳамат Мономаркази” билан ҳамкорликда уларни бандлигини, ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш орқали ижтимоий ҳаётга мослаштириш, уларнинг муаммоларини бартараф этиш мақсадида Пробация бошқармаси маъмурий биносида кенг кўламли Меҳнат ярмаркаси ташкил этилди.
Ташкил этилган меҳнат ярмаркаси давомида иш излаб юрган жами 6 нафар шахснинг бандлиги таъминланиб, 9 нафарига ишга йўлланма берилди. Яна 5 нафар муайян касбга эга бўлмаган шахслар ўзлари танлаган йўналиш бўйича “Мономарказ” томонидан тақдим этилган ўқув курсларига жалб этилиб, рўйхатдан ўтказилишига эришилди.
Шунингдек, Пробация бошқармаси бошлиғи ва мутасадди ташкилот масъулларининг назоратдаги шахсларни муаммоларини ўрганиш ва уларга ечим топиш бўйича “Сайёр қабули” ташкил этилиб, қабул жараёнида иштирок этган жами 85 нафар назоратдаги шахсдан 11 та муаммо аниқланиб, уларнинг 7 тасини жойида ҳал қилиш чораси кўрилди. Қолган 4 та муаммони ҳал қилиш бўйича масъулларга тегишли топшириқлар берилди.
Қабул жараёнида тадбирга жалб этилган 72 нафар ёшларга Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 07 июнь кунги “Ёшлар муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 312-сонли қарорида кўрсатилган 20 турдаги имтиёзларнинг берилиш тартиблари атрофлича тушунтириб ўтилди.
Тадбирда назоратдаги шахслар билан мутахассис психологларни жалб қилган ҳолда ўқув семинари, психологик тренинг ва тиббий кўрик ҳам ташкил этилди.Хусусан, ўзига ишончи йўқолган ва руҳий далдаси етишмаётган назорат остидаги шахслар ўртасида мусаффо ва тинч ҳаётга, озодликни қадрига етишга ҳамда қонунларга ҳурмат рухини шакллантиришга қаратилган якка тартибдаги психологик суҳбатлар ўтказилиб, уларнинг психологик портретлари тузилди.
Шунингдек, Жазоларни ижро этиш муассасаларидан Пробация ҳисобига чиққан 8 нафар янги ҳисобга олинган назорат остидаги шахслар тиббиёт ходимлари томонидан тиббий кўрикдан ўтказилиши таъминланиб, уларни орасидан 1 нафар амбулатор даволанишга муҳтож бўлган шахсга йўлланма берилиб, керакли дори-дармон билан таъминланди.
Бундан ташқари, ташкил этилган учрашув ва семинарда назорат остидаги шахсларни ижтимоий ҳаётга мослаштириш, уларга ҳар томонлама ёрдам бериш мақсадида тўлиқ тафтишдан ўтказилган холда ўрганилиб, улар орасидан аниқланган кам таъминланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтожларини тегишлилиги бўйича “Темир”, “Ёшлар” ва “Аёллар” дафтарларига тизимли киритиб бориш амалиёти жорий қилинди.
Андижон вилояти ИИБ Ахборот хизмати